Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Озиқ-овқат исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

Кундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.

Озиқ-овқат  исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

Албатта, ич-ичимдан эссиз увол, деган фикр ўтган. Аммо яқин вақтдан бери «-50%» ёрлиғи остида яроқлилик муддати яқин қолган барча маҳсулотларинг тенг ярим нархида сотилаётганига кўзим тушди. Доим исрофнинг оқибатларини ўйлаганим учунми, бу эзгу иш мени жудаям қувонтирди. Шу баҳона бугун яроқсиз маҳсулотларнинг қандай йўқотилишига оид маълумотлар билан қизиқиб қолдим.

Инсоният ўз тарихида илк бор етарлича ресурсларга эга бўла туриб, янада чуқурроқ очлик ва исрофгарчилик гирдобига тушиб бормоқда. Статистика – бу шунчаки сонлар эмас, бизнинг виждонимизга қўйилган баҳо. Бугун дунёда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми, яъни 1 миллиард тоннадан ортиқ маҳсулот истеъмол қилинмасдан чиқиндига улоқтирилмоқда. Шу билан бир вақтда, 750 миллиондан ортиқ одам сурункали очликда ҳаёт кечирмоқда. Бу аслида иқтисодий номутаносиблик эмас, балки тамаддуннинг маънавий ҳалокати, деб ўйлайман.

 

Исроф кўлами

Бундай ҳолатнинг энг ёрқин мисолларини АҚШ каби йирик бозорга эга давлатларда кузатиш мумкин.

Қандолатчилик тармоқлари: «Krispy Kreme» ёки «Dunkin» каби машҳур тармоқларда кун охирида сотилмай қолган янги ширинликлар кўпинча муҳтожларга тарқатиш ёки арзонлаштириш ўрнига, тўғридан-тўғри ахлат қутиларига улоқтирилади.

Супермаркетлар: «Walmart» ва шунга ўхшаш улкан чакана савдо тармоқларида ҳам ҳар куни сақлаш муддати тугашига ҳали вақт бор бўлган, сифати бузилмаган маҳсулотлар чиқиндига чиқарилади. Ишчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги гувоҳликларига кўра, баъзи йирик дўконларда ҳар куни юз минглаб долларлик маҳсулотлар йўқ қилинади.

Нима учун улар тарқатишдан кўра йўқ қилишни афзал кўришади? Бундай бераҳм туюлган ҳаракатларнинг замирида асосан иқтисодий ва ҳуқуқий ҳисоб-китоблар ётади.

Сунъий тақчиллик ва нархни ушлаб туриш: корпорациялар маҳсулотларни текинга тарқатиш ёки кескин арзонлаштириш харидорларда «эртага арзонлашганда оламан» деган фикрни уйғотишидан ва бу асосий савдога зарар етказишидан қўрқишади. Нарх тушиб кетмаслиги учун яроқлилик муддатига оз қолган маҳсулотлар ҳам атайлаб йўқ қилинади.

Логистика харажатлари: сотилмаган озиқ-овқатни йиғиш, унинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда сақлаш ва хайрия ташкилотларига етказиб бериш қўшимча маблағ ва меҳнат талаб қилади. Тижорат учун маҳсулотни шунчаки чиқиндига ташлаш энг арзон ечимдир.

Жавобгарлик ва масъулиятдан қўрқиш: гарчи АҚШда хайрия қилувчиларни ҳимоя қилувчи қонунлар (масалан, Bill Emerson Good Samaritan Food Donation Act) мавжуд бўлса-да, кўпчилик компания­лар муддати ўтаётган маҳсулотдан кимдир заҳарланса, судга берилишдан ва ўз брендининг обрўсига путур етишидан ҳадиксирайди.

Албатта, баъзи корпорациялар хайрия дастурларини йўлга қўйган, лекин булар тизимли муаммони тўлиқ ечмайди. Очлик ва исрофгарчилик ёнма-ён яшаётган бугунги дунёда иқтисодий тизим фақат фойдани ўйлайдиган «қотиб қолган» механизмга айланган. Агар бугунги капитализм ўз тамойилларини қайта кўриб чиқмаса, яъни иқтисодий манфаатларни инсонийлик ва маънавият билан уйғунлаштирмаса, у келажакда ўз-ўзини таназзулга олиб келади.

 

Ахлоқий ва экологик инқироз

Сабаблар қандай бўлишидан қатъи назар, чиқинди қутиларини қулфлаб қўйиш, уларнинг устига кимёвий моддалар сепиш ёки чиқинди орасидан озуқа қидирганларга нисбатан полиция чақириш жамиятнинг маънавий таназзулидан далолатдир. Одамларнинг оч қолишини афзал кўриш инсонийлик тамойилларига мутлақо зид.

Қолаверса, бу нафақат ахлоқий, балки экологик фожиа ҳамдир. Йўқ қилинган озиқ-овқатларни етиштириш учун сарфланган миллионлаб литр сув, ер ресурслари ва инсон меҳнати ҳам ҳавога совурилади. Чиқиндихоналарда чириётган бу маҳсулотлар эса иқлим ўзгаришига сабаб бўлувчи иссиқхона газларини ишлаб чиқаради.

 

Қадриятлар ва манманлик тўқнашуви

Гарчи халқимизда нонни азиз билиш, ушоқни ердан териб олиш каби улуғ қадриятлар бўлса-да, бугунги кунда Ўзбекистон ҳам бу глобал иллатдан мустасно эмас.

Жон бошига 74 кг чиқинди: БМТ ташкилотларининг Ўзбекистондаги вакиллари иштирокида ўтган сўнгги таҳлилларга кўра, глобал кўрсаткичларга мос равишда юртимизда ҳам ҳар бир киши йилига ўртача 74 килограмм озиқ-овқатни чиқиндига ташламоқда.

Тўй-ҳашамлар ва кўзбўямачилик: Ўзбекистонда озиқ-овқат исрофининг энг катта улуши турли хил дабдабали маросимлар, тўйлар ва ресторанлардаги зиёфатлар ҳиссасига тўғри келади. «Одамлар нима дейди» ёки «дастурхон тўла бўлиб турсин» деган сохта ғурур оқибатида пиширилган, энг сара гўштли таомлар, мевалар ва пишириқларнинг катта қисми кун якунида чиқитга чиқади.

Супермаркетлар маданиятининг кириб келиши: мамлакатимизда ҳам замонавий чакана савдо тармоқлари ривожлангани сари, Ғарбдаги каби муддати яқинлашган, аммо истеъмолга яроқли товарларни йўқ қилиш амалиёти кучая бошлади. Уларни ижтимоий ҳимояга муҳтожларга арзонлаштириб бериш тизими ҳали қонунан ва амалда тўла шаклланмаган.

Сув фожиаси: Ўзбекистон каби сув ресурслари тақчил бўлган ҳудудда озиқ-овқат исрофи – бу табиат неъматларини икки карра йўқотишдир. Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиздаги сувнинг қарийб 90 фоизини сарфлайди. Масалан, 1 килограмм гуруч етиштириш учун ўртача 2500 литр, 1 кг мол гўшти учун эса 15 000 литргача сув керак бўлади. Демак, тўйхонада ташлаб юборилган бир ликопча гўштли овқат – бу Оролни қуритган, Амударё ва Сирдарёнинг юзлаб литр қимматли сувларини канализация­га оқизиш билан тенг.

 

Тизимли ечим зарурати

Аслида озиқ-овқатнинг бойлик тўплаш қуролига айланиши ва оммавий исрофгарчилик шунчаки «бозор иқтисодиёти» эмас, балки ресурслардан нотўғри фойдаланиш, уларни асраш ва экологик маданият етишмаслиги каби тизимли хатоликлар билан боғлиқдир.

Буни тўхтатиш учун давлат даражасидаги кес­кин чоралар талаб этилади. Масалан, Франция 2016 йилдаёқ дунёда биринчи бўлиб супермаркетларга сотилмаган озиқ-овқатни ташлаб юборишни қонунан тақиқлади. Улар маҳсулотларни муддати ўтмасидан хайрия ташкилотларига беришга мажбур. Ўзбекис­тонда ҳам исрофгарчиликка қарши ҳам қонуний, ҳам маърифий кураш олиб бориш, тўй-ҳашамлардаги чек-чегарасизликни тартибга солиш ва жамиятда онгли истеъмол маданиятини шакллантириш ҳаётий заруратга айланган. Акс ҳолда, табиат ва иқтисодиёт бундай бедодликни узоқ вақт кўтара олмайди.

Озиқ-овқат – бу инсон яшаши учун энг бирламчи ва муқаддас восита бўлиши керак, бойлик тўплаш қуроли эмас. Очлик ҳукм сураётган дунёда соф фойда илинжида бундай исрофгарчиликка йўл қўйиш келажакда инсониятнинг барқарор яшашига жиддий хавф туғдиради. Зеро, тўқликка шўхликнинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаган.

Биз дунёни ўзгартира олмаслигимиз мумкин, лекин ўз хонадонимиздан, ўз дастурхонимиздан бошлаб бу исроф занжирини уза оламиз. Оилада фарзандларимизга «озиқ-овқат шунчаки товар эмас, бу – меҳнат ва ҳаёт маҳсули» эканини уқтириш энг олий маорифдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, тараққиёт – супермаркетлар пештахталари тўла эканида эмас, балки ўша маҳсулотларнинг охирги заррасигача қадрига етадиган, унинг уволидан титрайдиган виж­донли авлоднинг борлигида. Агар биз бугун исроф­ни тўхтатсак, эртага миллатимизнинг маънавий устунлари мустаҳкамланади. Чунки миллатнинг қуввати унинг қанчалик бойлигида эмас, балки неъматни қанчалик қадрлашидадир.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Озиқ-овқат  исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

Озиқ-овқат исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

🕔11:23, 30.06.2026 ✔221

Кундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.

Батафсил
Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔501

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

🕔16:01, 21.05.2026 ✔666

Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Озиқ-овқат  исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

    Озиқ-овқат исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

    Кундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.

    ✔ 221    🕔 11:23, 30.06.2026
  • Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

    Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

    Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

    ✔ 501    🕔 16:45, 04.06.2026
  • Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

    ✔ 666    🕔 16:01, 21.05.2026
  • Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

    Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

    Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

    ✔ 649    🕔 15:56, 21.05.2026
  • «Матонат  мадҳияси»

    «Матонат мадҳияси»

    Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ­шукуҳи кўнгилларга чўғ солган­ ҳолда оламга илиқлик ­уруғларини сочиб кезиб юрибди.­ ­Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбин­гизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги­ ­жасоратларни юракдан ҳис ­қилиш учун бир маскан ­излаётган ­бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – ­ муҳташам Ғалаба боғи!

    ✔ 765    🕔 09:15, 08.05.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар