Давр нафаси      Бош саҳифа

Жаҳон ишончини қозонаётган қатъий ирода ва ислоҳотлар

Дунё ҳамжамияти диққат эътибори шу кунларда яна бир бор Ўзбекистонга қаратилди. Тошкент ривожланган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, йирик халқаро компаниялар вакиллари, ишбилармонларни бир давра атрофида жамлаган жаҳоннинг ўзига хос инвестиция пойтахтига айланди. 

Жаҳон ишончини қозонаётган  қатъий ирода  ва ислоҳотлар

Тошкент халқаро инвестиция форуми кўлами ва салоҳияти, барқарор ишончга асослангани ва инсониятнинг келажак тараққиёти учун тутган аҳамияти билан тарихга муҳрланмоқда.

Жаҳон иқтисодий коньюнктураси муттасил ўзгариб бораётган, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсирини прогноз қилиш жуда қийин бўлган бугунги даврда дунёнинг кўзга кўринган йирик инвесторларини бир даврада йиғиш, жозибадор таклифлар билан уларни жалб этиш осон иш эмас. Буни биргина форум ёки халқаро анжуман ташкил этиш билангина уддалаб бўлмайди. Бу узоқ йиллик стратегияни кўзлаган машаққатли меҳнат, кучли сиёсий ирода, аниқ натижаларга асосланган кўп векторли ислоҳотлар ва келажакни кўра олиш сингари қатъий омилларга асос ланади.

Шу маънода, Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти нафақат Ўзбекистон ёки минтақа, балки бутун дунё миқёсидаги йирик ўзгаришларда нақадар катта ўрин тутишини анг лаш учун ўн йил олдинги ҳолат билан бугунни таққослаш, қандай мақсадлар қўйилганию, бугун улар қанчалик натижа бераётганига эътибор қаратишимиз зарур.

 

«Бино»нинг мустаҳкам пойдевори

Устачиликдан хабари бор ҳар қандай инсон яхши билади: мўрт ёки ҳаминқадар пойдевор устига янги қурилиш қилиб бўлмайди. Ҳар қанча безатилмасин, пойдевори мустаҳкам бўлмаган уйда яшаш хавфли бўлиб қолаверади.

Ўзбекистонда бундан ўн йил илгари бошланган ислоҳотлар, ҳатто тасаввуримизда ҳам гўё етиб бўлмайдиган марралар, мамлакат ҳаётидаги барча соҳаларда бошланган туб янгиланишлар қандай мақсадларни кўзлагани, нима натижалар беришини, очиғи, кўпчилигимиз мана энди-энди англаб етяпмиз.

Иқлим ўзгаришининг салбий таъсири, жаҳон бозоридаги беқарорлик, сиёсий амбициялар, турли урушларнинг охири кўринмаяпти. Шундай бир шароитда дунёга бағрини очган ҳолда, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган тараққиёт йўлини тақдим этиш орқали Ўзбекистон ишончли пойдеворни ярата олди.

Аввало, иқлим ўзгаришига мослашиш, демок­ратия, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш каби соҳаларда илгари ҳатто тажрибамизда кузатилмаган янгиликлар ҳаётга татбиқ этила бошлади.

Ўзбекистон минтақавий ва халқаро миқёсдаги муаммоли вазиятларга конструктив ечимлар таклиф этди. Биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан самимий дўстлик ришталарини боғлаб, тенг манфаатли алоқаларни йўлга қўйди. Чорак аср давомида қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлари бўйича муаммо бўлган масалалар конструктив мулоқотлар орқали ечим топди. Бугун Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегара бўйича бирорта ҳам муаммоси қолмади. Бунга шак-шубҳасиз Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси туфайлигина эришилди.

Экологик барқарорликка эришиш, келажак тараққиётининг асоси бўлмиш «яшил иқтисодиёт»га ўтиш йўлидаги ишларни олайлик. Ўша пайтдаёқ давлатимиз раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётининг келажаги «яшил» энергия, сувдан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш эканини БМТ минбаридан туриб баралла айтган эди. 2021 йилгача мамлакатимизда «яшил» энергетика улуши нолга тенг бўлган бўлса, икки йил ўтиб 16 фоизга етказилди.

Сўнгги йилларда юртимизда 3,5 гегаватт қувватга эга 16 та қуёш ва шамол электр станцияси, 160 мегаватт қувватга эга 5 та гидроэлектр станция ҳамда 1,8 гегаватт қувватга эга энергия сақлаш қувватлари ишга туширилди. Биргина 2025 йилнинг ўзида 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими фойдаланишга топширилди. Соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми  5 миллиард доллардан ошди.

Бундан ташқари, ўтган йили умумий қиймати 7 миллиард 200 миллион долларлик 11 та лойиҳанинг қурилиш ишлари бошланди.

Давлатимиз раҳбари 2030 йилгача мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватини 50 фоиздан ошириш зарурлигини жаҳон минбарларида ҳам бот-бот такрорламоқда. Бунинг муҳим сабаби бор. Чунки 2030 йилга бориб, юртимиз аҳолиси 41 миллиондан, иқтисодиёт ҳажми 200 миллиард доллардан ошиши прогноз қилинмоқда. Бу мақсадларнинг асосий қисмига эса халқаро миқёсдаги йирик инвестицияларни Ўзбекистонга жалб этиш орқали етишилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон углерод нейтраллигига эришиш бўйича нақадар катта ислоҳотларни бошлаганини жаҳон жамоатчилиги кўриб, англаб турибди. Мамлакатимизда 2030 йилгача ҳавога иссиқхона гази чиқаришни учдан бир қисмга камайтириш режалаштирилган. Бу мажбуриятлар 2050 йилга қадар янада кенгайтирилади. «Яшил» энергетика улуши 40 фоизга етади. Мазкур чора-тадбирлар, албатта, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш йўлида Ўзбекистон ташлаётган дадил қадамдир.

Буларнинг барчаси халқаро даражадаги инвестиция форумини Тошкентда ўтказиш, йирик инвесторлар учун жозибадор таклифларни тақдим этиш учун ишончли пойдевор бўлди.

 

Биринчи қадам

Рақамлар ҳам ислоҳотлар натижаларидан сўзлайди. Ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоиз ўсди, жорий йилда эса ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётига кириб келаётган ҳар бир сўм инвестиция барқарор ва ишончли даромад манбаини яратаётгани, Ўзбекистонда жозибадор инвестициявий муҳит шаклланганини яққол кўрсатади. Сўнгги йилларда юртимизга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард доллари охирги беш йилга тўғри келмоқда.

Халқаро форумда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 4 мингга яқин меҳмон қатнашгани, улар орасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, жамғармалар ва етакчи ишбилармонлар борлиги ҳам янги Ўзбекистоннинг салоҳиятини кўрсатиб турибди.

«Кўпчиликнинг ёдида, биз тўрт йил аввал бўлиб ўтган илк форумда 2026 йил якунига келиб, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда», деди Президентимиз фахр билан.

Бу ҳам юқорида таъкидлаганимиз — қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, бунинг учун ҳуқиқий, ташкилий, умуман, барча зарур чоралар ўз вақтида кўрилгани натижасидир.

Бошқача айтганда, вақтни аниқ кўрсатадиган соат механизмлари сингари ишлайдиган қулай муҳит инвесторларни оҳанрабодек ўзига торта бошлади. Эришилган марралар ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди: ўтган йили иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Миллий валютамизнинг барқарорлиги  таъминланиб, халқаро захираларимиз  ҳажми 70 миллиард доллардан ортди.

Дунёнинг бугунги ўзгарувчан иқтисодиёти талаби шундай: фақатгина бугун юқори даромадни кўзлаш билан иш битмайди. Замонавий инвесторлар учун энг муҳими: келажак технологиялари билан бирга қадам ташлаш, бизнес ва иқтисодиёт учун барқарор муҳитни топиш, соғлом ва хавфсиз дунё сари одимлаш. Ўзбекис­тон эса қисқа вақт ичида айни шу йўлдан дадил бораётган дунёдаги саноқли давлатлардан бирига айлана олди. Президентимиз халқаро минбарларда, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Ўзбекистоннинг ўзи бу борада намуна кўрсатишини таъкидламоқда.

Мисол учун, Орол фожиаси ортидан Қорақалпоғис­тоннинг кўплаб ҳудудлари, айниқса, Мўйноқ тумани қанчалик оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолганини олайлик. Бу ҳодиса яқин тарихда ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда рўй берди. Аҳолиси кўчиб кетишдан бошқа иложи қолмаган ҳудуд жуда қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан бутунлай тикланди. Бунинг калити — Мўйноқда жозибадор инвестициявий муҳит яратилди. Тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, туризм фаол рағбатлантирилди. Натижада Мўйноқда ҳаёт бутунлай янги ўзанда тикланди, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати кескин ошди.

Мана шундай кўп қиррали ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтинги йил сайин яхшиланиб бормоқда. Жорий йилда мамлакатимиз дунёнинг нуфузли «Иқтисодий эркинлик индекси»да 14 поғона юқорилаб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олди. Буларнинг барчаси янги Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръат ва янги имкониятлар босқичига чиққанига ёрқин мисолдир.

 

Марра ҳали олдинда

Юқорида қайд этилган натижалар — бошланган изчил ислоҳотлар учун қатъий ва мустаҳкам пойдевор, холос. Асосий марра, кўзланган натижалар ҳали олдинда. Зотан, инвестициявий жозибадорликнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шу: изчиллик, тўхтаб қолмаслик ва келажакка қатъий ишонч.

Президентимиз шундан келиб чиқиб, Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш учун бир қатор устувор йўналишларга алоҳида тўхталди.

Инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш биринчи йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас. Бутун дунёда инвесторлар ҳуқуқлари кучли институтлар, эътироф этилган халқаро механизмлар орқали таъминланади. Эндиликда Ўзбекистонда ҳам шундай бўлади.

Қайд этилганидек, Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ишлари бошланди. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бунга доир қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёни ҳам аҳамияти нуқтаи назаридан қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Биз ҳам фракциямиз депутатлари билан конс­титуциявий қонунни такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этдик ва якдиллик билан қўллаб-қувватладик.

Капиталнинг эркин ҳаракати, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти, молиявий технологиялар, рақамли активлар, «яшил» молия учун замонавий тизим яратилиши ҳар қандай инвесторнинг ҳавасини тортмасдан қолмайди, албатта.

Шу ўринда «яшил» молия нима деган савол туғилади. «Яшил» молия — атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва табиий ресурсларни асрашга қаратилган экологик барқарор лойиҳаларга молиявий маблағларни йўналтириш тизими. Ушбу тизим қайта тикланувчи энергия, энергия тежовчи технологиялар ва чиқиндиларни қайта ишлаш каби соҳаларни қўллаб-қувватлайди. Мана шунинг ўзиёқ Ўзбекистоннинг инвестициявий стратегияси узоқ йилга мўлжаллангани, кўп қиррали ва соғлом ривожланишга асосланганини кўрсатади. «Яшил» кредитлар, «яшил» облигациялар аллақачон мамлакатимиз молиявий жараёнларида қатъий ўрин эгаллади.

Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-тамойил жорий этилади, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади. Унда нуфузли хорижий  судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритади. Бундай қулай шароит, мамлакатимизда шаклланаётган янги экотизим имкониятларидан аллақачон юзлаб инвесторлар фойдаланиш ниятида эканига форум йиғилишларида ҳам гувоҳ бўлдик.

Капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида йўналиш сифатида қайд этилди.

Бугун Ўзбекистон янги авлод молия технологиялари ва сармоя бозорларини жадал ривожлантирмоқда. Молия бозоримиз тарихида кузатилмаган натижа — халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан зиёд облигациялар жойлаштирилди. Илк бор 13 та стратегик корхона активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржасига чиқарилди. Эътиборли жиҳати, бу Лондон биржасининг охирги беш йилдаги энг йирик IPO (Initial Public Offering)сига айланди.

Биздан эса бу каби ислоҳотлар ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш учун тегишли қонунлар қабул қилинишини тезлаштиришимиз талаб этилади.

Келажакни «яшил» энергетикасиз тасаввур этиб бўлмайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу масалада янги Ўзбекистонда аллақачон амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Мисол учун, сўнгги йилларда Саудия Арабистонининг «ACWA» компанияси Ўзбекистон энергетика секторида умумий қиймати 15 миллиард доллардан ортиқ бўлган «яшил» ва анъанавий энергетика лойиҳаларини амалга оширмоқда. Мазкур компания инвестицияси туфайли Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида юзлаб мегаватт қувватга эга йирик шамол электр станциялари қурилмоқда. Минтақада илк бор Ўзбекистонда «яшил» водород ишлаб чиқариш ва қайта тикланувчи энергия инфратузилмасини яратиш бўйича лойиҳалар бошланди.

Эндиликда «яшил» энергетика ва сунъий интеллект соҳаларида шериклик янада чуқурлашади. Инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, тармоқларни модернизациялаш, «яшил» энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар барпо этиш таклиф этилмоқда.

«Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат», деди Президентимиз.

Зотан, хорижий экспертлар Ўзбекистонда келгуси беш йилда ушбу янги йўналишда камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини прогноз қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу кенг кўламли вазифалар ижросида биз депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Зеро, электр генерациясида тоза энергия улушини 54 фоизга етказиш, «яшил» молия тизимини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда инновацион ва экологик инфратузилмани ривожлантириш орқали иқтисодий тараққиётни табиатни асраш билан уйғунлаштириш фракциямизнинг устувор йўналишидир.

Бир сўз билан айтганда, глобал иқтисодиёт ларзага тушиб, капитал оқимлари йўналишини ўзгартираётган бир пайтда дунё инвесторларининг айнан юртимизга интилаётгани тасодиф эмас. Бу янги Ўзбекистонга дунё ҳамжамияти катта ишонч билдираётганининг ёрқин ифодасидир. Мазкур қатъий ишонч замирида икки мустаҳкам устун — сиёсий барқарорлик ва изчил иқтисодий ўсиш туради.




Ўхшаш мақолалар

Экология кодекси:  Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг  ҳуқуқий  асоси зарур

Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур

🕔13:31, 20.07.2026 ✔55

Айни пайтда Ўзбекистон Респуб­ликаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Батафсил
2030 йилгача  асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва  «яшил шаҳар»  бунёд этиш  Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

🕔15:58, 09.07.2026 ✔187

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Батафсил
Экопартия –  таълим,  илм-фан ва амалиёт уйғунлигида

Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида

🕔15:58, 09.07.2026 ✔182

Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар