Бизни маҳв этаётган иллат
Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимиз ҳаёти, миллатимиз келажаги билан боғлиқ оғриқли бир маълумотни эълон қилди: Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга.
БатафсилКуни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимиз ҳаёти, миллатимиз келажаги билан боғлиқ оғриқли бир маълумотни эълон қилди: Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга.
Бу Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткич бўлиб, катта нуфусга эга Ўзбекистон учун жиддий огоҳлик қўнғироғидир. Бу миллионлаб болалар ва ўсмирлар ҳамда репродуктив ёшдаги аёлларнинг катта қисми семизлик ёки ортиқча вазн муаммосига дуч келаётганини англатади. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Улар мамлакат саломатлиги, меҳнат салоҳияти ва келажак ҳақида муҳим эҳтимолларни юзага чиқаради.
Одатда бундай хабарлардан кейин айбдор излаш бошланади. Кимдир миллий таомларни, кимдир нонни, яна кимдир инсоннинг иродасини сабаб қилиб кўрсатади. Бир қарашда бу фикрларда жон бордек. Аммо саволга чуқурроқ қарасак, вазият анча мураккаблиги кўринади.
Агар муаммо фақат палов ёки нонда бўлганида, нега сўнгги қирқ-эллик йил ичида дунёнинг турли минтақаларида семизлик бир вақтнинг ўзида кескин ошиб кетди? Нега АҚШ, Мексика, Туркия, Саудия Арабистони, Бразилия, Хитой ва Ўзбекистон бир хил муаммо билан юзлашмоқда? Бу саволга жавоб инсоннинг ўзида эмас, у яшайдиган муҳитда яширинган.
Инсон организми миллионлаб йиллар давомида озиқ-овқат танқис бўлган шароитда шаклланган. Организм ҳар бир ортиқча калорияни захира сифатида сақлашга мослашган, чунки эртага овқат бўлмаслиги мумкин эди. Бу механизм инсониятнинг омон қолишига хизмат қилди.
Аммо XXI асрда ҳаёт тарзи тубдан ўзгарди. Озиқ-овқат ҳар қачонгидан ҳам осон топиладиган бўлди. Кўпчилик жисмоний эмас, ўтириб бажариладиган ишларда ишлайди. Автомобиллар, лифтлар ва рақамли технологиялар ҳаракатни камайтирди. Натижада миллион йиллик биомувозанат замонавий турмуш тарзи билан тўқнаш келди.
Шунинг учун семизликни фақат «кўп ейиш» ёки «кам ҳаракат қилиш» билан тушунтириш етарли эмас. Бу инсон организми билан уни ўраб турган муҳит ўртасидаги номутаносиблик оқибатидир.
Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмади. Аксинча, мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни бошдан кечираётган бир пайтда овқатланиш маданияти, меҳнат тарзи ва кундалик одатлар ҳам ўзгармоқда. Семизлик ҳақидаги статистика ана шу ўзгаришларнинг энг яққол кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Нега инсонлар кўпроқ ейишни бошлади?
Семизлик ҳақида сўз кетганда энг кўп учрайдиган фикрлардан бири: «Одамлар аввалгидан кўпроқ еяпти». Бу фикр маълум маънода тўғри. Бироқ асосий савол бошқача: НЕГА?
Кўпчилик буни ирода етишмаслиги билан изоҳлайди. Илмий тадқиқотлар эса муаммонинг анча мураккаб эканини кўрсатмоқда. Инсоннинг овқатланиши фақат очлик ҳисси билан эмас, балки мия фаолияти, гормонлар, стресс, уйқу сифати ва ташқи муҳит таъсири билан ҳам бошқарилади.
Масалан, очлик ва тўқлик ҳисси лептин ва грелин каби гормонлар орқали назорат қилинади. Организм энергияга муҳтож бўлганда очлик ҳисси кучаяди, тўйгач эса мияга овқатланишни тўхтатиш ҳақида сигнал юборилади. Бироқ доимий стресс, уйқу етишмаслиги ва юқори калорияли маҳсулотларнинг кўп истеъмол қилиниши бу мувозанатни издан чиқариши мумкин.
Замонавий озиқ-овқат саноати ҳам бу жараёнда муҳим ўрин тутади. Бугун дўкон расталаридаги маҳсулотларнинг катта қисми узоқ сақланиши, арзон ишлаб чиқарилиши ва харидорни яна қайта сотиб олишга ундаши учун ишлаб чиқилган. Улар таркибида шакар, туз ва ёғнинг инсон таъм билиш тизимига кучли таъсир қилувчи комбинацияси қўлланади.
Натижада инсон баъзан қорни оч бўлгани учун эмас, балки мазали маҳсулотни яна истагани учун овқатланади. Бу жараён мияда дофамин деб аталадиган нейромедиатор ажралиши билан боғлиқ. Дофамин лаззат ҳиссини кучайтиради ва айрим маҳсулотларни қайта-қайта истеъмол қилиш истагини пайдо қилади. Атайлаб дўконларнинг энг одам гавжум ва кўзга яқин жойларига ранго-ранг қилиб териб қўйилган бундай кимёвий маҳсулотлар эса маркетинг деб аталашини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз.
Шу боис семизликни фақат шахсий интизом масаласи сифатида баҳолаш тўлиқ тасаввур бермайди. Инсон ўз танлови учун жавобгар, аммо бу танлов уни ўраб турган муҳит таъсирида қабул қилинишини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистонда ҳам овқатланиш муҳити сезиларли даражада ўзгарди. Тез тайёрланадиган таомлар, ширин газли ичимликлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва овқатни етказиб бериш хизматлари оммалашди. Бу ўзгаришлар турмушни енгиллаштирди, аммо ортиқча калория истеъмолини ҳам оширди.
Бундан ташқари, жисмоний фаоллик камайди. Аввал кундалик ҳаётнинг бир қисми бўлган ҳаракат бугун алоҳида вақт ажратиладиган машғулотга айланди. Кўпчилик иш кунини компьютер олдида ўтказади, уйга автомобилда қайтади, бўш вақтини эса телефон ёки телевизор қаршисида ўтказади.
Бу омилларнинг ҳар бири алоҳида қаралганда катта хавф туғдирмаслиги мумкин. Аммо улар йиғилиб биргаликда инсон организми учун мутлақо янги муҳитни шакллантирди. Натижада семизлик айрим инсонларнинг эмас, бутун жамиятнинг муаммосига айланди.
Масаланинг яна бир томони бор. Ўзбек жамиятида дастурхон нафақат овқатланиш, балки меҳр, ҳурмат ва меҳмондўстлик рамзи ҳисобланади. Бу асрлар давомида шаклланган ва халқимизнинг энг яхши фазилатларидан бири.
Бироқ ҳаёт тарзи ўзгарган бир пайтда айрим одатлар ҳам қайта кўриб чиқилишга муҳтож. Фарзанднинг қорни тўқ бўлиши ҳар доим ҳам унинг соғлом эканини англатмайди. Меҳмонга эҳтиром кўрсатиш эса албатта ортиқча овқат тортиш билан ўлчанмайди. Бугун соғлом овқатланиш маданияти ҳам меҳр ва ғамхўрликнинг бир кўринишига айланиши керак.
Семизликнинг ўсишига таъсир қилаётган яна бир омил – доимий стресс. Иқтисодий босим, кредитлар, ишдаги рақобат, тирбандлик, уйқу етишмаслиги ва ахборот оқимининг кучайиши инсон организмини узлуксиз зўриқиш ҳолатида ушлаб туради. Бу эса иштаҳани ошириши, айниқса шакар ва ёғга бой маҳсулотларга мойилликни кучайтириши мумкин.
Болалар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳам жиддий аҳамиятга эга. Аввалги авлодлар бўш вақтини кўчада ўйнаб, велосипед миниб ёки спорт билан ўтказган бўлса, бугун кўплаб болаларнинг асосий машғулоти экран қаршисида ўтиришдир. Бу фақат жисмоний фаолликнинг камайиши эмас, балки келажакдаги соғлиқ кўрсаткичларига таъсир қиладиган омилдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистондаги семизликни битта сабаб билан тушунтириш мумкин эмас. Бу бир вақтнинг ўзида урбанизация, иқтисодий ривожланиш, овқатланиш муҳитининг ўзгариши, стресс, жисмоний фаолликнинг камайиши ва маданий одатларнинг янги ҳаёт тарзига мослашмай қолаётганининг умумий натижасидир.
Шунинг учун муаммонинг ечими ҳам битта йўналиш билан чекланмайди. Семизликка қарши курашиш шифокор қабулхонасида эмас, оилада, мактабда, иш жойида, шаҳарларни режалаштиришда ва давлат сиёсатида бир вақтнинг ўзида бошланиши лозим.
– Аввало, профилактика маданиятини кучайтиришимиз керак. Даволашдан кўра, касалликнинг олдини олиш ҳар томонлама самарали. Бунинг учун аҳолининг, айниқса ёшларнинг соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик бўйича билимини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиши зарур, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА. – Бугун болалар қандай муҳитда улғаяётгани ҳам муҳим. Мактабларда соғлом овқатланиш тамойилларини янада кучайтириш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, болалар учун хавфсиз ва қулай пиёда ҳудудлари ҳамда очиқ спорт майдончаларини кўпайтириш келажак авлод саломатлигига қўйилган сармоядир.
Шифокор сифатида шуни айта оламанки, биз учун энг муҳим вазифа – касалликка қарши курашиш эмас, соғлом ҳаёт учун шароит яратишдир. Ана шундагина келажак авлоднинг саломатлиги ва мамлакатнинг инсон капитали мустаҳкамланади.
Баҳо: тараққиётга тўланадиган нарх
Семизлик кўпинча инсоннинг ташқи кўриниши билан боғлиқ муаммо сифатида қабул қилинади. Аслида эса у соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ва демографик ривожланишга таъсир қилувчи омилдир. Шунинг учун ҳам бугун дунёда семизлик нафақат тиббий, балки жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммо сифатида баҳоланмоқда.
Ортиқча вазн юрак-қон томир касалликлари, 2-тур қандли диабет, артериал гипертония, жигарнинг ёғли касаллиги, айрим онкологик касалликлар, бўғимлар шикастланиши ва уйқу апноэси каби ўнлаб сурункали касалликлар хавфини оширади. Бу касалликларни даволаш эса узоқ вақт, катта маблағ ва юқори малакали тиббий хизматни талаб қилади.
Масаланинг иқтисодий томони ҳам бор: ортиқча вазнга эга инсон тезроқ чарчайди, меҳнат унумдорлиги пасайиши мумкин, касаллик сабабли иш кунларини кўпроқ йўқотади. Оқибатда бу миллионлаб одамлар миқёсида давлат иқтисодиёти учун сезиларли йўқотишга айланади.
World Obesity Federation ҳисоб-китобларига кўра, агар бу тенденция ўзгармаса, 2060 йилга бориб Ўзбекистонда семизлик билан боғлиқ иқтисодий йўқотишлар 21,6 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин. Бу рақам даволаниш харажатлари билан чекланмайди. Унга меҳнат унумдорлигининг пасайиши, эрта ногиронлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва эрта ўлим билан боғлиқ йўқотишлар ҳам киради.
Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати – репродуктив саломатлик. Илмий тадқиқотлар ортиқча вазн аёлларда поликистоз тухумдон синдроми, ҳайз циклининг бузилиши ва ҳомиладорлик асоратлари хавфини оширишини кўрсатади. Эркакларда эса висцерал ёғнинг ортиши тестостерон даражасининг пасайиши, эркаклик уруғи сифати ёмонлашиши ва эректил дисфункция хавфининг ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Демак, семизлик нафақат бугунги саломатлик, балки келажак авлод саломатлигига ҳам таъсир қилади.
Болалар ўртасида вазн ортиши алоҳида ташвиш уйғотади. Илгари катталар касаллиги ҳисобланган 2-тур қандли диабет, қон босими ошиши ва жигарнинг ёғли касаллиги бугун ўсмирларда ҳам учрамоқда. Болаликда шаклланган нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлик одатлари катта ёшда ўзгариши қийин бўлади. Шунинг учун бугунги статистика эртанги соғлиқ кўрсаткичларини ҳам белгилаб беради.
Семизликка қарши курашнинг энг самарали усули унинг оқибатларини эмас, сабабларини бартараф этишдир. Бунинг учун аҳоли ўртасида овқатланиш маданиятини ошириш, мактабларда жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш, жамоат жойларида пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай муҳит яратиш, ширин ичимликлар ва юқори калорияли маҳсулотларнинг болаларга қаратилган рекламасини чеклаш каби чоралар муҳим аҳамиятга эга.
Шифокорлар семизликни даволайди. Аммо унинг олдини олиш бутун жамиятнинг вазифасидир. Бу жараёнда давлат идоралари, таълим муассасалари, иш берувчилар, оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир оиланинг ўрни бор.
Энг муҳими, семизликни инсоннинг шахсий муваффақиятсизлиги сифатида эмас, жамият олдида турган умумий чақириқ сифатида қабул қилиш керак. Муаммони тан олиш уни ҳал этиш йўлидаги биринчи қадамдир.
Муаммо ечими тафаккурдан бошланади
Семизлик муаммосига урбанизация, овқатланиш муҳити, стресс, уйқу сифати, жисмоний фаолликнинг камайиши, озиқ-овқат саноати ва инсоннинг кундалик одатлари бир вақтнинг ўзида таъсир қилмоқда. Шунинг учун ечим ҳам комплекс ёндашувни талаб қилади.
Энг муҳими, профилактика даволашдан кўра самарали ва арзондир. Семизлик ривожлангандан кейин унинг асоратларини бартараф этиш учун йиллар керак бўлиши мумкин.
Аммо болаликдан соғлом овқатланиш кўникмаларини шакллантириш, жисмоний фаолликни рағбатлантириш ва аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш орқали минглаб касалликлар олдини олиш мумкин.
Бу ерда фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки шифокорларнинг саъй-ҳаракати етарли эмас. Таълим тизими болаларда соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириши, маҳаллий ҳокимликлар пиёда юриш ва спорт учун қулай муҳит яратиши, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар маҳсулот таркибига масъулият билан ёндашиши, оммавий ахборот воситалари эса илмий асосланган маълумотларни кенг тарғиб қилиши лозим.
Бунда айниқса оиланинг ўрни беқиёс. Боланинг овқатланиш одатлари, ҳаракатга муносабати ва соғлом турмуш тарзига бўлган қарашлари, аввало, уйда шаклланади. Шунинг учун соғлом авлодни тарбиялаш айтиш мумкинки, дастурхондан бошланади.
Ўзбекистон бугун иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бундай шароитда мамлакатнинг асосий бойлиги ер ости бойликлари ёки йирик иншоотлар эмас, балки соғлом ва меҳнатга лаёқатли аҳолисидир. Инсон капиталига сармоя киритмасдан туриб, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш қийин.
Семизликка қарши курашиш тарозидаги рақамни камайтиришдан эмас, инсон саломатлигини энг катта бойлик сифатида қадрлашдан бошланади. Ана шунда бугунги хавотирли рақамлар эртанги муваффақият тарихига айланиши мумкин.
Саида РУСТАМ қизи,
«Oila va TABIAT» мухбири
Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимиз ҳаёти, миллатимиз келажаги билан боғлиқ оғриқли бир маълумотни эълон қилди: Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга.
БатафсилКундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.
БатафсилҚалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти
Батафсил