Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда маҳаллий Кенгашлар таркибида ЎзЛиДеПдан 1 314 нафар, ЎзХДПдан 845 нафар, «Миллий тикланиш» ДПдан 756 нафар, «Адолат» СДПдан 614 нафар ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан 551 нафар депутат фаолият юритмоқда. Уларнинг иштирокида 2024 йилги сайловлар якунлари бўйича маҳаллий Кенгашларда жами 1 024 та партия депутатлик гуруҳи ташкил этилган.
Сўнгги вақтларда, партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятида тобора фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг дастлабки ярим йиллигида улар ташаббуси билан 167 та Кенгаш қарори қабул қилинди. Эътиборлиси, уларнинг 104 таси партиялар дастурий мақсадлари доирасида ўтказилган жамоатчилик ўрганишлари ва уларнинг натижаларига бағишланган масалалар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса партия гуруҳлари сайловчилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда долзарб масалаларни Кенгаш сессиялари кун тартибига изчил олиб чиқаётганини ва маҳаллий бошқарувдаги ташаббускорлиги ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда.
Партия гуруҳлари фаолиятининг амалий самараси маҳаллий Кенгашлар қарорларида ҳам яққол кўринмоқда. Масалан, Наманган вилоятидаги маҳаллий Кенгашларда Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш, экологик тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид масалалар Кенгаш сессиялари кун тартибига киритилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилган. «Адолат» партияси депутатлик гуруҳи томонидан эса тўйлар, оилавий тантаналар ва маросимларни тартибга солиш, тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олиш, кўкрак бези саратони профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли истеъмоли учун зарур маҳсулотлар нархининг сунъий оширилишини ўрганишга доир масалалар мунтазам кун тартибига қўйилди. ХДП депутатлари соғлиқни сақлаш тизими, тез тиббий ёрдам хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.
Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий Кенгашларда Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи томонидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ҳолати, айниқса, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилган. ХДП депутатлик гуруҳи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, ЎзЛиДеП депутатлари эса аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан партия гуруҳларининг қарорлари қабул қилинишига эришган.
Бу каби амалиётни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўплаб кузатиш мумкин. Ушбу мисоллар партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашларда фақат муҳокама иштирокчиси эмас, балки ҳудудларнинг долзарб ижтимоий, экологик, ҳуқуқий ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни илгари сураётган таъсирчан сиёсий институтга айланиб бораётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда партия гуруҳларининг фаоллиги изчил ортиб бормоқда. Хусусан, «E-kengash» электрон тизими орқали 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида республика маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг 38 та қарори қабул қилинган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 71 тага етди. Деярли икки баробар ўсиш партия гуруҳларининг маҳаллий бошқарувда тобора фаол иштирок этаётганидан далолат беради.
Маҳаллий Кенгашлар қарорлари қабул қилинишида, айниқса, ижтимоий соҳалар, инфратузилма, аҳоли мурожаатлари ва маҳаллий бюджет масалалари бўйича партия гуруҳлари томонидан илгари сурилаётган таклифлар сони ошиб бораётгани эътиборга моликдир. Бу эса маҳаллий вакиллик органларида сиёсий фаоллик кучайиб бораётганидан далолат беради.
Партия гуруҳларининг самарадорлигини оширишда хорижий давлатлар тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Ривожланган мамлакатлар амалиёти шуни кўрсатадики, маҳаллий Кенгашларда партия гуруҳлари фаолияти қонунчилик билан аниқ тартибга солиниб, уларнинг ташаббусларини амалга ошириш учун зарур ташкилий ва молиявий шароитлар яратилган.
Масалан, Грузия ва Арманистонда партия гуруҳларига алоҳида иш хоналари ажратиш, уларнинг фаолиятини таъминлаш учун мутахассисларни жалб этиш ҳамда зарур моддий-техник шароитлар яратиш амалиёти йўлга қўйилган. Қозоғистонда эса партия фракциялари ва депутатлик гуруҳлари маҳаллий даражада сиёсий партиялар дастурий мақсадларини амалга ошириш ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишнинг муҳим механизми сифатида эътироф этилган.
Буюк Британияда партия гуруҳлари Кенгаш кун тартибини шакллантириш ва ижро органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этади. Испанияда уларга Кенгаш сессияларига масалалар киритиш, ахборот ва ҳисоботлар талаб қилиш ҳамда махсус текширув комиссияларини тузиш ҳуқуқи берилган. Грецияда эса маҳаллий бошқарув ислоҳотлари натижасида партия гуруҳларининг қарорларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва ижросини назорат қилишдаги ваколатлари янада кенгайтирилган.
Умуман, хорижий тажриба партия гуруҳларининг самарали фаолияти нафақат уларга берилган ҳуқуқларга, балки ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш учун яратилган ташкилий ва институционал имкониятларга ҳам бевосита боғлиқ эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда партия гуруҳлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланган бўлса-да, уларнинг самарадорлигини оширишни талаб этадиган айрим масалалар сақланиб қолмоқда. Аввало, қонунчиликка мувофиқ партия гуруҳи тузиш учун камида уч нафар депутат сайланиши талаб этилади. Бироқ мазкур талаб бажарилмаган Кенгашларда партиядан сайланган депутатларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва партия манфаатларини ифода этиш механизмлари етарлича тартибга солинмаган.
Шунингдек, Кенгаш ва депутат сўровларини юбориш тартиби белгиланган бўлса-да, партия гуруҳларининг давлат органлари, ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотларга расмий сўров юбориш ҳуқуқи, уни кўриб чиқиш тартиби ва жавоб бериш муддатлари аниқ белгиланмаган.
Юқорида қайд этилган омиллар партия гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Бунинг учун, аввало, партия гуруҳларини ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ваколатларини амалга ошириш тартибини белгилайдиган ягона ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, партия гуруҳлари ҳузурида таҳлилчи ва эксперт мутахассисларни жалб этиш, уларни замонавий техника билан жиҳозланган иш хоналари билан таъминлаш ҳамда Кенгаш мажлисларида алоҳида сектор ажратиш каби ташкилий чораларни босқичма-босқич жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Партия гуруҳлари ташаббусларини «E-Kengash» электрон тизими орқали киритиш, муҳокама қилиш ва ижросини мониторинг қилиш амалиётини кенгайтириш эса қарор қабул қилиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан партия гуруҳларининг ташаббускорлигига боғлиқ. Партия гуруҳларини институционал ва таҳлилий жиҳатдан янада кучайтириш демократик жараёнларни фаоллаштиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, кучли сиёсий партия гуруҳлари фаолият юритадиган маҳаллий Кенгашларда рақобат кучаяди, депутатлик назорати самарали амалга оширилади ва энг муҳими, аҳоли манфаатлари янада тўлиқ ифода этилади.
Мақсад ИСАБАЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил
қилиш маркази бош мутахассиси,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори