Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи ўзининг тарихий аҳамияти, халқларимиз ҳаёти ва келажаги учун нақадар муҳимлиги билан дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон географик жиҳатдан икки минтақада жойлашга бўлса-да, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яқинлик айнан бугунга келиб бутунлай янги ўзанга бурилди. Янги Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсати, жумладан, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, айниқса, қўшни ва қардош давлатлар билан стратегик иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эвазига Озарбайжон билан муносабатлар том маънода мислсиз ривожланиб, энг юксак поғона – иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Бунинг замирида эса икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракати, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий жасорати туради.
Бу икки давлат ўртасидаги стратегик алоқалар ривожини сўнгги беш йилда 15 маротаба олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилгани, ушбу самарали мулоқотлар натижасида ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсаётгани, жумладан, 2025 йилда бу борадаги кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 3 баробардан зиёд кўпайгани ҳам яққол тасдиқлайди. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2025 йил якунларига кўра уч баробардан зиёд ошиб, 795 миллион долларга етди. 2026 йилнинг январь-май ойларида савдо айланмасининг яна 33 фоизга ўсиши ижобий динамика сақланаётганини кўрсатади.
Тошкентда бўлиб ўтган Олий даражадаги учрашувлар ҳамда қадимий Бухорода давом эттирилган ташриф икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликда янги тарихий саҳифани очди.
Саммитнинг энг муҳим воқеаси – икки давлат раҳбарлари томонидан «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартноманинг имзоланиши бўлди. Томонлар эндиликда ўз муносабатларини ўзаро ишонч, стратегик шериклик, иттифоқчилик ва дўстлик тамойиллари асосида қуришни белгиламоқдалар. Бундан ташқари, икки давлат бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказадиган ҳаракатларда иштирок этмаслик мажбуриятини олади.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида қайд этиб, «Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади», деди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда. Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди. Бу эса давлатлараро келишувларни ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги аниқ лойиҳалар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Ташриф давомида бу борада аниқ чора-тадбирларни қамраб олган дастур қабул қилинди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бинобарин, Каспий орқали янги иқтисодий география шакллантираётган Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатида транспорт ва логистика соҳаси стратегик йўналиш ҳисобланади. Бу ерда гап нафақат икки давлат ўртасида юк ташиш, балки бутун Евросиёдаги янги транзит йўлакларини кенгайтириш ҳақида кетяпти.
2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги транзит юклар ҳажмининг 1,4 миллион тоннага етгани бу йўналишнинг амалий аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатади.
Озарбайжон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Боку порти орқали ўтадиган юк ҳажми сезиларли даражада ошган ва Каспий орқали ташиш Транскаспий халқаро транспорт йўлаги доирасида ривожланмоқда. Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга мазкур йўлак мамлакатга Россияга боғлиқ бўлмаган экспорт йўналиши орқали Европа бозорига чиқиш ҳамда транзит диверсификацияси имконини оширади.
Икки қардош халқ ҳамкорлигида энергетика соҳаси ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Нефть ва газ ресурси бой давлат сифатида республикамиз учун муҳим энергетик шерик ҳисобланадиган Озарбайжон нефть-газ инфратузилмаси орқали Европа бозорига энергия ресурслари етказиб бермоқда. Ушбу давлат Энергетика вазирлиги таҳлилига кўра, бу Ўзбекистон учун энергетика бозорини диверсификация қилиш, технология ҳамкорлиги ва қайта тикланувчи энергия соҳасида тажриба алмашиш имконияти билан аҳамиятлидир.
Икки давлат ўртасида «яшил» энергия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли аҳамият касб этмоқда. Мутахассислар фикрича, келгусида бу йўналиш Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатида янги драйверга айланиши мумкин.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон иштирокидаги яшил энергетика коридори ташаббуси Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи электр энергиясини Каспий орқали Озарбайжонга, кейинчалик Кавказ ва Европа энергетика тизимларига етказиш истиқболини яратади. Агар бундай лойиҳалар техник ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, Каспий денгизи фақат товарлар ҳаракати учун транспорт ҳудуди эмас, турли энергетика оқимларини боғловчи коммуникация маконига ҳам айланиши мумкин. Бу эса Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги геоиқтисодий боғлиқликни янада чуқурлаштиради.
Нефтъ-кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида ҳам ҳамкорлик кучайиб боряпти. Мутахассислар айни жараён биринчидан иқтисодий муносабат савдодан саноатга ўтаётгани, иккинчидан қўшма корхоналар орқали узоқ муддатли иқтисодий боғлиқлик шаклланаётганини муҳим тенденция сифатида баҳолайди. Агар транспорт ва саноат кооперацияси лойиҳалари изчил амалга оширилса, Ўзбекистон – Озарбайжон шериклиги МДҲ маконидаги энг динамик ва стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бирига айланиши мумкин.
Ташрифнинг ўзига хос истиқболини намоён этувчи қисми – Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғини барпо этишга тамал тоши қўйилганини айтиш жоиз. Ўтган йили августда Президентимизнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида ҳам худди шундай лойиҳага старт берилган эди. Боку шаҳрининг «Оқ шаҳар» ҳудудида «Ўзбекистон» боғига илк дарахт кўчатлари экилган эди.
Янги Тошкентдаги 4 гектарли «Озарбайжон» боғида Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини акс эттирадиган замонавий жамоат макони ташкил этилса, «Ўзбекистон» боғида юртимизнинг бой маданияти ва анъаналари, миллий меъморчилик мактаби ўзига хос тарзда намоён этилади.
Умуман олганда, давлатларимиз номи билан аталувчи икки боғ икки қардош халқнинг маданий яқинлиги ва дўстлигини кўрсатадиган масканга айланади. Бу боғлар халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигининг яна бир ёрқин рамзи бўлади.
Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар
🕔16:35, 04.09.2026
✔115
Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.
Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр
🕔16:32, 04.09.2026
✔109
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.
Батафсил