Табиатда биз кўраётган ҳар бир дарахт, ўсимлик ёки ҳайвон ортида кўзга кўринмайдиган улкан биологик тизим мавжуд. Тупроқнинг бир сиқимида ҳам миллионлаб микроорганизмлар яшайди. Уларнинг орасида қўзиқоринлар алоҳида ўрин тутади. Қўзиқоринлар табиатнинг кўринмас қаҳрамонлари, табиий қайта ишлаш «заводи» ва келажакнинг экологик технологияси ҳисобланади.
Сўнгги йилларда «ўрмон интернети» деган ибора тез-тез айтиляпти. Бу атама дарахтлар ва бошқа ўсимликларнинг илдизлари ҳамда микоризали қўзиқоринлар ҳосил қиладиган ер ости тармоқларини ифодалайди. Илмий нуқтаи назардан энг ишончли хулоса шундаки, микоризали тармоқлар ўсимликларнинг озиқланиши, тупроқдаги моддалар ҳаракати ва экотизимдаги ўзаро таъсирларда муҳим роль ўйнайди. Ўрмонларни фақат дарахтлар йиғиндиси сифатида эмас, балки дарахтлар, илдизлар, қўзиқоринлар, бактериялар, тупроқ организмларидан иборат ягона тирик тизим сифатида қараш лозим.
Бу куз фаслида ўрмонда ёки нам жойларда пайдо бўладиган қалпоқчали ўсимлик эмас. Қўзиқорин – бутун организмнинг жуда кичик қисми, холос. Унинг асосий танаси кўпинча тупроқ, дарахт илдизлари ёки органик қолдиқлар орасида тарқалган ипсимон тузилмалар – гифалардан иборат бўлади. Бу гифалар бир-бири билан туташиб, мицелий деб аталадиган улкан тармоқни ҳосил қилади. Шу маънода қўзиқоринларни табиатнинг «кўринмас меҳнаткашлари» деб аташ мумкин.
Ҳозирги илмий баҳолашларга кўра, дунёда тахминан 2-2,5 миллионта замбуруғ (Fungi) тури мавжуд бўлиши мумкин. Буюк Британиядаги йирик илмий-тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилиш муассасаси «Kew Gardens» 2023 йилги таҳлилларида бу рақам 2,5 миллион тур деб кўрсатилган. 2026 йилги Kew маълумотларида ҳам 2 миллиондан ортиқ тур ҳали илм-фан учун номаълум экани қайд этилган. Юртимизда эса 2 мингдан ортиқ замбуруғ тури учраши қайд этилган.
Ўрмонда ҳар йили миллиардлаб барглар тўкилади, шохлар синади, дарахтлар қурийди, ҳайвонлар ва ўсимликлар қолдиқлари тупроққа тушади. Агар бу органик қолдиқлар парчаланмаганида, табиатда улкан миқдорда чиқинди тўпланиб қолган бўлар эди. Қўзиқоринларнинг энг муҳим вазифаларидан бири – ана шу органик моддаларни парчалаш. Айрим қўзиқоринлар ўлик ўсимлик қолдиқларидаги целлюлоза, лигнин ва бошқа мураккаб бирикмаларни парчалайди. Натижада углерод, азот, фосфор ва бошқа элементлар яна табиий айланиш жараёнига қайтиб, янги ўсимликлар учун мавжуд шаклга ўтади. Шунинг учун қўзиқоринларни шартли равишда табиатнинг биологик чиқинди қайта ишлаш тизими деб аташ мумкин.
Инсон чиқиндиларни полигонга олиб бориб қайта ишласа, табиат бу вазифани миллионлаб йиллар давомида қўзиқоринлар ва бошқа микроорганизмлар ёрдамида бажариб келмоқда.
Қўзиқоринларнинг яна бир ажойиб хусусияти – улар ўсимликлар билан ҳамкорлик қила олади. Айрим қўзиқоринлар ўсимлик илдизлари билан микориза деб аталадиган симбиотик муносабатга киришади. Бунда қўзиқорин гифалари илдиз атрофида кенг тармоқ ҳосил қилиб, ўсимликнинг тупроқдан сув ва минерал моддаларни олишига ёрдам беради. Ўсимлик эса фотосинтез орқали ҳосил қилган органик моддаларининг бир қисмини қўзиқоринга беради. Яъни бу ерда табиатнинг ўзига хос «айирбошлаш тизими» ишлайди, ўсимлик қўзиқоринга энергия беради, қўзиқорин ўсимликка сув ва минерал моддаларни олишда ёрдамлашади. Бу муносабат айниқса ўсимлик учун оғир шароитларда аҳамиятли бўлиши мумкин.
Соғлом тупроқ – оддий минерал масса эмас, у тирик экотизим. Унда микроорганизмлар, чувалчанглар, бактериялар, қўзиқоринлар ва бошқа организмлар ўзаро боғлиқ ҳолда ҳаёт кечиради.
Қўзиқоринлар органик моддаларни парчалайди, озуқа элементлари айланишида иштирок этади, тупроқ структурасининг шаклланишига ҳисса қўшади, ўсимликларнинг минерал моддаларни ўзлаштиришига ёрдам беради, углерод айланишида иштирок этади. Шу сабабли тупроқни муҳофаза қилишда фақат унинг кимёвий таркибини эмас, биологик фаоллигини ҳам сақлаш муҳим.
Бугун дунёда қишлоқ хўжалигининг энг катта муаммоларидан бири – сув танқислиги ва тупроқ деградацияси. Микоризали қўзиқоринлар шу нуқтаи назардан қизиқарли биотехнологик восита ҳисобланади. Уларнинг гифалари ўсимлик илдизидан анча узоқ масофаларга тарқалиши мумкин. Бу ўсимликка тупроқдаги сув ва минерал моддалардан самаралироқ фойдаланиш имконини бериши мумкин. Айрим тадқиқотларда микоризали симбиоз ўсимликларнинг қурғоқчилик, шўрланиш ва бошқа стресс омилларига чидамлилигига ижобий таъсир қилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Қишлоқ хўжалигида ҳозирги кунда учраётган сув танқислиги, тупроқ деградацияси, шўрланиш, ҳосилдорликнинг пасайиши каби муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шундай шароитда маҳаллий қўзиқорин турларини ўрганиш ва улардан экологик хавфсиз агротехнологияларда фойдаланиш истиқболли йўналиш бўлиши мумкин.
Ҳаттоки Оролбўйи ҳудудларида ҳозирда олиб борилаётган табиатни тиклаш ишларида ҳам микоризали қўзиқоринларни ўсимликларнинг оғир экологик шароитларга мослашувига қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўрганиш, маҳаллий иқлим, тупроқ ва ўсимлик турларига мос қўзиқорин штаммларини аниқлаш, лаборатория ва дала синовларини ўтказиш талаб этилади.
Бугунги биотехнологияда қўзиқоринларнинг яна бир хусусияти – улар ишлаб чиқарадиган ферментларга катта қизиқиш билдирилмоқда.
Қўзиқоринлардан турли ферментлар, органик кислоталар ва фармацевтика учун аҳамиятли бирикмалар олинади. Энг машҳур мисоллардан бири – пенициллин.
Унинг кашф этилиши замонавий тиббиётда антибиотиклар даврини бошлаб берган муҳим воқеалардан бири бўлган. Айрим қўзиқоринлар мураккаб органик бирикмаларни парчалай олиши туфайли олимлар ифлосланган тупроқларни биологик тозалаш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, органик чиқиндиларни парчалаш, айрим синтетик материалларни деградация қилиш ҳамда экологик хавфсиз технологиялар яратиш каби мақсадларда фойдаланиш имкониятларини ўрганмоқда.
Қўзиқоринларнинг айрим турлари ҳашаротлар билан ҳам мураккаб муносабатга эга. Масалан, Beauveria ва Metarhizium туркумига кирувчи қўзиқоринлар айрим зараркунанда ҳашаротларга қарши биологик кураш воситаси сифатида ўрганилмоқда. Яъни табиатнинг ўзида зараркунанда организмлар сонини назорат қилувчи механизмлар мавжуд. Инсон эса ана шу табиий механизмларни ўрганиб, қишлоқ хўжалигида улардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Табиатни муҳофаза қилиш деганда кўпинча дарахт экиш, ҳайвонларни асраш ёки сув ҳавзаларини тозалашни тасаввур қиламиз. Аммо табиатнинг энг муҳим қисмларидан бири кўзимизга кўринмайди: тупроқ остидаги қўзиқоринлар, бактериялар ва бошқа микроорганизмлар. Қўзиқоринлар бизга муҳим бир ҳақиқатни эслатади, табиатда «кераксиз» деб ўйланган организм ҳам улкан вазифани бажараётган бўлиши мумкин.
Эҳтимол, келажакда Оролбўйидаги деградацияга учраган ерларни тиклашда, сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда, чиқиндиларни қайта ишлашда ва ҳатто экологик қурилиш материалларини яратишда биз кутмаган энг катта ёрдамчилардан бири қўзиқоринлар бўлиб чиқар. Чунки табиатда баъзан энг катта ўзгаришларни энг кичик ва кўзга кўринмас организмлар амалга оширади.
Инсоният Ердаги қўзиқоринларнинг 10 фоизига яқининигина билади. Биз ҳали номини ҳам билмайдиган миллионлаб турлар орасида янги дори-дармонлар, экологик технологиялар, озиқ-овқат манбалари ва тупроқни тиклаш усуллари яширин бўлиши мумкин.
Азизбек АКБАРОВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши
Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи