Қалбаки дорилар жиддий таъқиб қилинади
Бугун дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ёшлар орасида турлича таъсир қиладиган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва спорт озуқалари оммалашиб бормоқда.
БатафсилОғир замонлар кучли инсонларни яратади.
Кучли инсонлар яхши замонларни яратади.
Яхши замонлар заиф одамларни яратади.
Заиф одамлар оғир замонларни яратади...
Инсоният тараққиётининг тарихий босқичларига берилган бу қисқа таърифнинг соҳибини турли даврларда турли шахсларга боғлаб кўрсатишган. Баъзилар Афлотунни тилга олса, яна бировлар анча кейинги авлодлар даҳоларини, ҳатто энг янги тарихдаги мутафаккирларни эслайди. Шарқ фалсафаси тарафдорлари ушбу таъриф Ибн Халдунга тегишли эканини ҳам айтади, гарчи, у ўз таълимотида қабилаларни назарда тутган бўлса ҳам. Яъни, майда қабилада жипслик кучли бўлади, шу боис вақт ўтгани сайин унинг қудрат ва салоҳияти ортиб боради. Йирик қабила анча тарқоқ бўлади, шу боис вақт оқими уни тобора заифлаштиради. Шу тариқа майда қабила пировардида ғолиб бўлади. Кейин – замонлар оша – яна бунинг акси юз беради.
Ушбу машҳур таърифни келтиришдан мақсад унинг соҳибини аниқлаш борасида баҳс-мунозара бошлаш эмас, илло жамоатчилик эътиборини ҳаммамиз учун ғоят муҳим бўлган исрофгарчилик иллатига, яна ҳам аниқроғи, халқимизда «тўқликка шўхлик» номини олган муаммога қаратишдир. Негаки, бугунги ҳаётимиз, ҳозирги аҳволимиз таърифнинг учинчи сатрини эслатиб юборяпти.
Дарҳақиқат, шукрки бугун «яхши замонлар»ни бошдан кечиряпмиз – ҳаётимиз фаровон. Ҳозир яшаб турган авлод цивилизация ва табиат неъматларидан шу қадар кенг фойдаланмоқдаки, ўтмишнинг энг донгдор ҳукмдорлари тирилиб келса, шак-шубҳасиз бугуннинг ўртаҳол одамига ҳавас қилади. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган бошпана, кўнгил истаган таом, зумда манзилга элтиб қўядиган транспорт, дунёнинг нариги чеккасидаги одам билан юзма-юз суҳбат, жаҳонда рўй бераётган воқеалардан бохабарлик, илмий, бадиий ва бошқа турдаги битмас-туганмас адабиётлар...
Одамни хаёл олиб қочади, дейлик, Отабек Кумуш билан «курьерлар» орқали эмас, интернет орқали ёзишиб турганида ва Марғилонга автомобилда қатнаганида, Абдулла Қодирий бу муҳаббат фожиасини ёза олмасди ҳам. Фожианинг ўзига ўрин қолмасди-да.
Умри жанговар юришларда ўтган буюк саркардаларнинг ўтовига кондиционер ўрнатиб, бир бурчагига газ плитаси, бошқасига музлаткич қўйиб берилса, улар бу роҳатижонни очлик, чанқоқ, жазирама иссиқ ва аччиқ совуқлардан иборат бўлган зафарларга алмашмасмиди балки.
Жиддийроқ сўзлайдиган бўлсак, бугунги ҳаётни ҳатто «арзимаган» юз йил наридаги давр билан қиёсласак, тафовут жуда катта бўлиб кетади. Шунинг учун глобал миқёсда эмас, ўз кўламимизда асрлар силсиласига эмас, кейинги Мустақиллик йилларига назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Бугун эшикдан чиқмай яшаш мумкин – истаган нарсангизни битта телефон орқали буюртма қиласиз. Олиб келиб, раҳмат ҳам айтиб кетишади. Аммо ўртага ташланаётган масала бунинг ўзи эмас, балки унинг оқибатидир. Мана шу тўкин-сочинлик, қулайлик, тезкорлик бизни эринчоқлик гирдобига ботириб, кундан-кун ожизлаштириб юбормаяптими?!
Оддий мисол, кўпчилик одам оила аъзоларининг телефон рақамини ёддан айтиб беролмайди. Ваҳоланки, тўқсонинчи йилларда ҳамманинг уйида ва чўнтагида телефон дафтари бўлар, лекин у маълумот олиш эмас, маълумот киритиш учун ишлатиларди. Яъни, ҳамма ўзига керакли рақамларни ёддан биларди, бирор танишнинг янги рақами учраб қолгудек бўлса, уни – ҳар эҳтимолга қарши, кўпинча ўша шахсга ҳурмат нуқтаи назаридан – ўз телефон дафтарига киритиб қўярди.
«Ҳар сафар битта-битта териш шартми, ўша рақам телефоннинг хотирасида бор, «Фалончини улаб юбор!» десангиз, бирдан ўзи улаб беради» дейдиганлар топилади. Эҳтимол, улар ҳақдир. Лекин кейинги йилларда ўта оғир ва хавфли хасталиклар қаторида Альцгеймер касаллиги ҳам «яшариб бораётгани»га эринчоқ бўлиб, ожизлашиб кетаётган хотира сабаб эмасмикан! Бу – бир чеккаси-да энди. Нега десангиз, шифокорлар ёшингиз неччида эканидан қатъи назар, ора-сира шеър ёдлаб турсангиз, ё бирор чет тилини ўргансангиз, ё мантиқий бошқотирмаларни ечиб турсангиз, жаноб Альцгеймер номи билан аталувчи касаллик яқинингизга йўламаслигини исботлаб бўлди. Яъни, мияни кам бўлса-да, мунтазам машқлар билан чиниқтириш, содда айтганда, уни ўз функциясини бажаришга мажбурлаш соғломликнинг энг муҳим гарови экан. Ахир, космонавтлар мушак атрофиясининг олдини олиш, Ерга қайтганда ногирон бўлиб қолмаслик учун – олис фазода, вазнсизлик ҳолатида – бекорга мунтазам равишда жисмоний машқлар қилмаса керак!
Бу ботиний масалалардан биттаси эди. Зоҳирий масалаларга ўтсак, тўқликка шўхлигимиз мисли кўрилмаган даражадаги исрофгарчиликка олиб боряпти. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг яқинда эълон қилган янги маълумотини келтирамиз: «Тошкентда ҳар куни 3-3,5 минг тонна чиқинди йиғиб олинади. Унинг 0,1 фоизи, яъни 3-3,5 тоннаси нон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топади...» Энди пойхтахтимизда 2025 йили жами 1,1 миллион тонна чиқинди йиғиб олинганини инобатга олсак, шунинг қанчаси озиқ-овқат эканини ҳисоблайверинг. Тоғ бўлиб кетади! Мустақилликнинг илк даврида одамлар бир-биридан қарзга бир коса ун сўраб турган вазиятлар ҳам бўлганини жуда тез унутиб қўймадикми?..
Мутахассислар нима дейди? Уларнинг фикрича, исрофгарчиликнинг асосий сабабларидан бири (фаровонлик тафаккурни туман билан билан қоплашидан ташқари) ортиқча истеъмол ва керагидан ортиқ сотиб олиш одатидир. Одамлар кўпинча озиқ-овқатни импульсив равишда сотиб олар экан. Баъзан ейиш-емаслигини аниқ билмай туриб ҳам харид қиларкан. Яроқлилик муддатига қарамаслик, оила учун зарур бўлган миқдорни ёдда тутмаслик каби омиллар ҳам бор. Энг ёмони – меҳмон кутиш. У болалар учун «ширин стол» ҳам, ё кичик даврадаги туғилган кун ҳам, ё катта тўй ҳам бўлиши мумкин. Аҳамияти йўқ. Озиқ-овқатнинг баъзи турлари ўз функциясини бажариши учун дастурхонга тортилса, баъзилари кўрк учунгина қўйилади. Истеъмол қилинмайди, кейин айнийди ва чиқитга чиқарилади. Аслида кераксиз безаклар жуда кўп. Лекин айнан шуларга ишқибозлик ортиб боряпти. Айтайлик, наҳорги ошга борган ҳеч бир одам «келинглар, бир ананасхўрлик қилайлик!» деб, антиқа мевани арчиб, тўғрашга киришиб кетмайди. Ҳали ошга борган бирор меҳмон «нима учун дастурхонда шоколад йўқ?!» деб мезбонни изза қилмаган. Бирор меҳмоннинг «мана бу турп нима қилиб турипти, нега шампиньон қўйилмаган?!» деб эътироз билдиргани эшитилганича йўқ ҳали. Шундай бўлса-да, «эҳтиёт шарт», «пул кетса-кетсин...» тарзида иш тутиш тўхтамайди.
Биз яна нималарни оммавий равишда исроф қиламиз экан, ўйлаб кўрганмисиз?!
Албатта, биринчи ўринда сув туради. Биз ҳар куни жуда катта миқдорда сув исроф қиламиз. Масалан, жўмракни оқизиб қўйиб, тиш ювамиз. Душ қабул қилиш вақтимиз «покланиш ва тетиклашиш» талабидан анча нарига, «шунчаки маза қилиш» босқичига етиб бормаса, ҳисобмас. Идиш-товоқ ювишда ҳам жўмрак ўчирилмайди. Қувурлардаги ёриқларга «сабр қиламиз» – ё вақтимиз, ё маблағимиз, ё устамиз йўқ. Ёзда ҳовлидаги тупроққа ҳам, бетонга ҳам, деворлардаги травертин шувоққа ҳам ҳар куни бир ўхшатиб сув сепиб олмасак, сира кўнглимиз жойига тушмайди.
Маиший томонининг ўзи шунча! Саноат ва қишлоқ хўжалигида қанча сув исроф бўлаётганига, қанчаси бекорга ерга сингиб, қанчаси булғанаётганига қизиқувчилар бўлса, озгина суриштириб кўрсин, жуда эринганлар сунъий интеллектдан сўрасин.
Хуллас, исроф шу даражадаки, сув одам қиёфасини олиб, тилга кирадиган бўлса... биз билан гаплашиб ўтирмайди, шарт бурилиб, қайта кўришмас бўлиб кетиб қолади.
Энг кўп исроф қилинаётган неъматларнинг яна бири – электр энергияси. Ҳар ким ўзи тан олсин – «электр жиҳозларини ишлатмаганда ҳам ёқилган ҳолда қолдираман». Истисно одам жуда кам бўлса керак. Бўлса-да агар! Мана, дейлик, бошқа ишга чалғисак, телевизор, компьютер ёниқ тураверади, чунки ўчириб, қайтадан ёқишга эринамиз, кутгимиз келмайди. Музлаткич ё жуда музлатиб юборса, ё керагича паст ҳароратни сақламаса, яна «сабр қиламиз». Ёзда кондиционер фақат уйқу олдидан, шамоллаб қолмаслик учун ўчирилади. Бошқа пайти одам бўлмаса ҳам ишлаб туриши керак, йўқса, хона исиб кетади. Қаранг, у қайтадан салқинлатиши учун 1-2 дақиқа кифоя. Лекин бунга тоқат қайда, ишлаб тураверсин.
Бу ҳали уйдаги гаплар. Ишхонадаги исроф ундан бир неча ҳисса кўплигини ҳаммамиз яхши биламиз. Куппа-кундуз куни жалюзи туширилади-да, чироқ ёқилади (уйда бундай қилмаймиз). Ишхонадаги чироққа шунчалик ўрганиб қолганмизки, тасодифан (тирсак билан) ўчириб қўйсак ва шу пайти қўшни хонадаги ҳамкасбимиз кириб қолса, астойдил ҳайрон бўлиб, «нега қоронғида ўтирибсизлар?!» дейди. Даҳлизлар, ҳожатхоналар, гардероблар, ошхоналар – доимо чароғон. Исрофга ҳамма кўникиб кетган, гўё битмас-туганмас энергия манбаимиз бор-у биз «буюк ишлар»дан чалғимаслигимиз керак. Ҳатто электр энергияси истеъмоли учун норози бўлиб пул тўлайдиган ҳисобчимиз ҳам «кетишда чироқни ўчириш эсдан чиқмасин, барака топкурлар!» демайди. Буни қоровул айтиши мумкин, холос. У ҳам ўз ғамини ўйлагани учун айтади: рақамланган калитлар шодасини кўтариб олиб, ёруғ хоналарни айланиб чиқиш ташвишидан қутулса.
Беэътиборлик туфайли яна нималарни йўқотаётганимиз ҳақида ўйлай бошладингизми? Энг оғир йўқотишларимиздан яна бири вақтдир. Ҳа, одамлар шу энг қимматли неъматни кераксиз ишларга сарфлайди: бефойда телесериаллар, ўйинлар, муайян мақсадсиз ижтимоий тармоқларда «ўтириш», эринчоқлик ё ҳафсаласизлик оқибатида муҳим ишларни кейинга суриш (кечаси қиламан, эрталаб сал камроқ ухласам, нима бўпти! Мана бу қолиб кетмаса бўлгани), бемақсад телефон суҳбатлари ва ҳоказо. «Эль-классико»нинг натижасини эрталабки янгиликлардан билиб олиш, шу манбада беллашувнинг «шонли лавҳа»ларини кўздан кечириш, кинони ёзиб олиб, давомини кейин кўриш, ёлғончи эҳтиросни енгиб, компьютердаги ўйинни шартта тўхтатиш мумкин. Четдан қараганда, ҳақиқатан ҳам, шундай. Амалда улар устун келади-да. Буни инкор этадиганлар кам. Чунки одамнинг бекор вақти қанча кўп бўлса, зое кетадиган ишлари шунча кўп бўлади.
Яна нимани тилга олмадик. Тўғри! Пулни айтиш керак эди. Худди ўша «Эль-классико»ни кўриш ё компьютер ўйинини давом эттириш учун ҳам, улардан бошқа бекорчи машғулотлар учун ҳам пул сарфлаймиз. Кўзимизга кўринмайди. Телефонимизда mobile, уйимизда wi-fi интернет бор. Дўкон ё бозорда кераксиз нарсаларга пул сарфлаймиз (чегирмалар, шошилинч харидлар, кимнидир хурсанд қилиш илинжи). Эринчоқлигимиз шунга олиб боряптики, уйда овқат пиширмай қўя бошладик. Кафе ва ресторанларда чиройли гапириб, ҳузурбахш хизмат кўрсатиб, бир ҳафталик масаллиғимизнинг пулини олишади. Бу кафе-ресторанларга пиёда ё жамоат транспортида боришга ориятимиз йўл қўймайди – ҳамма мижозлар чиқиб машинасига миниб кетганида, бекатга қараб одимлашдан уятли нарса йўқ гўё. Пулиниям қўя туринг, битта автобус бир литр ёғилғи билан қанча одамни манзилига етказиб қўяди-ю уларнинг ҳар бири ўз автомобилини минса, қанча ёнилғи сарфлайди, шунисига қаранг. Кейин ўзимиз экологиядан нолиганимиз ортиқча.
Газетамиз саҳифаларида экологик маданият ҳақида кўп айтилади. Исрофгарчилик муаммоси ҳам охир-оқибат шу мавзуга бориб тақалади. Негаки, экологик маданиятни тана экологияси, соғлом фикр экологияси, масъулият экологияси ва ниҳоят, инсоф экологияси каби тушунчалардан айрича тасаввур қилиб бўлмайди.
Инсофли бўлсак, тежамли бўламиз, тежамли бўлсак, исроф қилмаймиз.
Биз шу оддий қоидаларга амал қилмасак, юқоридаги иқтибоснинг тўртинчи сатрига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Бошқалар лоқайд бўлса, бу «менга зарил қоптими?» дейиш учун асос эмас. Ҳамма ўзидан бошлаши керак. Негаки, теварак-атрофга эътиборсизлик – у хоҳ экология бўлсин, хоҳ исрофгарчилик бўлсин, хоҳ ижтимоий-сиёсий ё иқтисодий фаолликка тааллуқли масала бўлсин – агрессиянинг пассив шаклидир. Кўз ўнгимизда рўй бераётган ҳар қандай воқеа – бу ё бизнинг фаоллигимиз, ё лоқайдлигимиз натижаси саналади. Лоқайдлик, пассив агрессия ва бошқа айбларимизни бошқалар содир этса, қанчалар хунук кўринади, а! Демак, ўзимиз ҳам бошқалар назарида шундаймиз. Чингиз Aйтматов айтган эди: «Энг катта фалокат ядровий қурол, глобал исиш ва шуларга ўхшаган таҳдидлар эмас, балки антропологик таҳдиддир. Яъни, инсонда инсонийликнинг барбод бўлиши».
Хитойларда «кўчат ўтқазиш учун энг маъқул фурсат 20 йил олдин келган эди, навбатдагиси – бугун!» деган мақол бор. Бизга сув бераётган тоғлардаги музликлар ҳажми қисқариб боряпти, саноат ривожлангани ва фаровонлик ошгани сайин ҳаво ва атроф-муҳитга зарар кўпайиб кетяпти. Биз йигирма йил олдин бунинг олдини олишга киришишимиз керак эди, ҳозир ҳам айни вақти. Бундай шароитда тежамкорликни унутиб, исрофга йўл қўйиш эса дард устига чипқондан ўзга нарса эмас.
Болибек БОЛҚИБОЕВ
Бугун дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ёшлар орасида турлича таъсир қиладиган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва спорт озуқалари оммалашиб бормоқда.
БатафсилЯнги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддасида фуқароларнинг мурожаатларини кўрувчи субъектлар қаторига «фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари» ҳам қўшилиши фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда Кенгаш ва маҳалла алоқасини янгича, самарали ташкил қилишни кучайтирди. Бу янги тизимнинг асосий хусусияти фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳам кўринмоқда.
БатафсилХХ аср бошида Туркистон заминида юзага келган жадидчилик ҳаракати одатда фақат сиёсий озодлик, маориф ислоҳоти ва тил истиқлоли доирасида талқин этилади. Бироқ жадид боболаримизнинг фаолиятига чуқурроқ назар ташласак, уларнинг дастурларида бугунги куннинг энг глобал муаммоси — экологик барқарорлик ва инсоннинг табиат билан уйғунлиги масаласи марказий ўринлардан бирини эгаллаганини кўрамиз.
Батафсил