«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилЗамонавий дунёда экзотик жониворларга бўлган қизиқиш нафақат ноёб қушлар ёки судралиб юрувчиларни, балки ҳашаротлар оламини ҳам қамраб олди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб «formikary» (сунъий чумоли уялари) трендининг авж олиши кутилмаган экологик муаммони – чумолилар контрабандасини юзага келтирди. Хўш, бу ўзи қандай тенденция? Одамлар нима учун чумоли боқяпти?
Antkeeping
Дунёда «antkeeping» (чумоли боқиш) шиддат билан урфга киряпти. Илгари фақат тор доирадаги энтомолог олимларнинг қизиқиши бўлган бу соҳа, бугунги кунда минглаб ҳаваскорларни ўз ичига олган улкан индустрияга айланди. Коллекционерлар учун чумоли боқиш – бу шунчаки ҳашарот сақлаш эмас, балки ўз уйида мукаммал иерархияга эга бўлган, тинимсиз ҳаракатдаги «тирик цивилизация»ни кузатиш демакдир.
Бу хоббининг асосий мақсади – табиатнинг энг мураккаб ижтимоий тузилмаларидан бирини микро-даражада бошқариш ва кузатиш. Коллекционерлар учун Messor cephalotes (африка чумолиси) каби турлар «олтин фонд» ҳисобланади. Уларнинг йирик ҳажми, ёрқин ранги ва жамоавий ишлаш қобилияти уй шароитидаги шаффоф уяларда (formikary) жуда чиройли кўринади. Бироқ, бу эстетик завқ ва қизиқишнинг ортида аянчли экологик ҳақиқат – ноқонуний овлаш ва биоқароқчилик яширинган.
Кениянинг Рифт водийсидаги Гилгил шаҳарчаси глобал қора бозорни «хом ашё» билан таъминловчи ноқонуний савдо марказига айланган. Бу ерда ёмғирлар мавсумида она чумолиларни овлаш авж олган. Интернетдаги қора бозорда битта уруғланган она чумоли 220 долларгача сотилмоқда. Битта она чумоли бутун бир колония ярата олади ва 50-70 йилгача яшайди. Назорат сканерлари органик моддаларни қийин аниқлагани боис, уларни оддий почта орқали жўнатиш осон.
Ўтган 2025 йилда Найваша шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида Бельгия, Вьетнам ва Кения фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди. Улардан 5 000 дона тирик она чумоли мусодара қилинган. Ҳашаротлар нам пахта солинган пробирка ва шприцларга жойланган бўлиб, бу уларга икки ой давомида тирик қолиш имконини берган.
Яқинда эса Найроби аэропортида яна бир Хитой фуқароси 2 000 дона она чумоли билан қўлга тушди. Қўлга олинганлар «биоқароқчилик»да айбланиб, қарийб 7 700 доллар миқдорида жарима тўлаган. Мутахассислар ушбу савдонинг икки томонлама хавфидан огоҳлантирмоқда.
Қандай хавфлар бор?
Экология нуқтаи назаридан она чумолини тутиш – бу шунчаки бир ҳашаротни йўқ қилиш эмас. Бу келажакдаги минглаб ишчи чумолиларнинг туғилмаслиги ва мавжуд экотизимнинг заифлашиши демакдир.
Тупроқ деградацияси: чумолилар тупроқнинг пастки қатламларини тепага чиқариб, уни кислород билан бойитади. Она чумолилар оммавий овланганда, тупроқ юмшатиш ва қайта ишлаш жараёни тўхтайди.
Озуқа занжири: Африканинг Рифт водийсидаги кўплаб қушлар ва судралиб юрувчилар учун чумолилар асосий озуқадир. Биологик хилма-хилликнинг камайиши занжир бўйлаб бошқа турларнинг ҳам яшаб қолишини хавф остига қўяди.
Қишлоқ хўжалиги учун хавф: масаланинг энг хавфли томони – бу ҳашаротларнинг Европа, Осиё ёки Америкага олиб кетилаётгани. Коллекционернинг уйидан тасодифан қочиб кетган битта африка чумолиси маҳаллий экотизим учун «биологик бомба» бўлиши мумкин. Messor авлодига мансуб чумолилар асосан дон ва уруғлар билан озиқланади. Улар янги ҳудудларда маҳаллий турларни сиқиб чиқариши ва буғдой, маккажўхори каби экинларга қирон келтириши мумкин.
Ечим: контрабандани тўхтатиш
Кения ҳукумати 2025 йилда ушбу соҳани тижоратлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Бунинг мазмуни шундаки, ҳашаротларни табиатдан ўғрилаш ўрнига, махсус фермаларда кўпайтириш ва қонуний сертификат билан сотиш йўлга қўйилади. Бу ҳам маҳаллий аҳолига даромад келтиради, ҳам ёввойи табиатни сақлаб қолади.
Чумоли боқиш – мароқли ва билим берувчи хобби бўлиши мумкин, аммо бу жараён табиат ҳисобига амалга ошмаслиги керак. Битта чумоли учун тўланаётган 220 доллар табиат мувозанатини сотиб олиш учун етарли эмас. Экологик хавфсизликни таъминлаш учун биоқароқчиликка қарши нафақат Кенияда, балки глобал миқёсда қатъий назорат ўрнатилиши зарур.
Шаҳруза САТТОРОВА
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилБугун тезкор технологиялар, сунъий интеллект ва глобаллашув асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши мактабларда ўқишини, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билишини, замонавий касбларни эгаллашини хоҳлайди.
БатафсилҲар йили 11 июль санаси бутун дунёда Халқаро аҳоли куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана аҳоли сонининг ўсиши, инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор тараққиёт масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамият касб этади.
Батафсил