Экология      Бош саҳифа

Сунъий интеллект 2030 йилга бориб 1,3 млрд кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

Сунъий интеллектни таъминлайдиган маълумот марказлари 2030 йилга бориб 1,3 миллиард одамнинг асосий маиший эҳтиёжлари учун зарур бўлган сувни талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда БМТ университети ҳузуридаги Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти маълум қилди.

Сунъий интеллект  2030 йилга бориб 1,3 млрд  кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

Тадқиқотчиларнинг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллектни қувватлантирувчи глобал маълумотлар марказлари 945 ТWh (тераватт-соат) электр энергияси истеъмол қилади. Бу 650 миллиондан ортиқ аҳолига эга Покистон, Бангладеш ва Нигериянинг йиллик умумий электр энергияси истеъмолидан қарийб уч баравар кўпдир.

«Уларнинг сув сарфи Саҳройи Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатларида яшовчи барча 1,3 млрд кишининг йиллик асосий сув эҳтиёжига тенг бўлади, эгаллайдиган ер майдони эса 14 минг квадрат километрдан ошади. Бу 32 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Жакарта агломерацияси майдонидан тахминан икки баравар катта ҳисобланади», – дейилади ҳисоботда.

БМТ олимларининг таъкидлашича, сунъий интеллект ва маълумотлар марказларининг экологик харажатларини фақат углерод чиқиндилари билангина баҳолаб бўлмайди. Улар ўз ҳисоботида бутун дунё бўйлаб СИ электр энергияси истеъмолининг углерод, сув ва ер изини миқдорий баҳолаб, дунёнинг 20 та энг йирик маълумотлар марказида ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги фарқларни қайд этган.

Ҳисоботда қайд этилишича, сунъий интеллектнинг экологик харажатлари мунтазам равишда нотўғри ўлчанмоқда. Мавжуд ҳисоб-китобларнинг аксарияти йирик моделларни ўқитиш билан боғлиқ углерод чиқиндиларига қаратилган. Бироқ СИ тизимини ўқитиш ёки ишлатиш учун фойдаланиладиган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси ўзи билан сув изини (совитиш ва электр энергияси ишлаб чиқаришдан) ҳамда ер изини (энергетика инфратузилмаси ва таъминот занжирларидан) олиб юради. Бу уч кўрсаткич турли йўналишларда ҳаракатланади.

«Масалан, кўмирдан биоэнергетикага ўтиш электр энергияси ишлаб чиқаришнинг углерод изини ўртача 70 фоизга камайтириши, шу билан бирга, унинг сув изини 30 баравардан, ер изини эса 100 баравардан кўпроққа ошириши мумкин», – дейди ҳисобот муаллифлари.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда глобал маълумотлар марказлари 448 ТWh электр энергияси истеъмол қилган. Агар уларга алоҳида давлат сифатида қаралса, электр энергияси истеъмоли бўйича Франциядан ке­йинги, Саудия Арабистонидан олдинги ўринни эгаллаб, дунёда 11-ўринда турган бўлар эди.

«Бизни энг кўп ҳайратга солгани – углерод чиқиндилари нуқтаи назаридан энг экологик тоза кўринган ечимлар, якунда сув ресурслари ёки ер учун ёмонроқ бўлиб чиқиши», – деди институт тадқиқотчиси ва ҳисоботнинг етакчи муаллифи доктор Мириам Аксел.

Жамоатчилик муҳокамаси асосан йирик ҳажмдаги моделларни ўқитиш учун зарур бўлган энергияга қаратилган. Тахминларга кўра, GPT-3 моделини ўқитиш учун 1,3 GWh (гигаватт-соат) электр энергияси талаб этилган бўлса, ҳисоб-китоблар GPT-4 учун 50 дан 70 GWh гача энергия сарфланганини кўрсатмоқда. Бироқ ҳисоботда бу тушунча эскиргани таъкидланади.

«Модель ишга туширилгандан сўнг, асосий харажат хулоса чиқаришга – фойдаланувчиларнинг кундалик сўровларига жавоб бериш учун моделларни узлуксиз ишлатишга тўғри келади ва бу СИ умумий энергия сарфининг 80-90 фоизини ташкил этади», – дейди муаллифлар.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина ChatGPT кунига тахминан 2,5 миллиард сўровни қайта ишлайди. Бу битта маҳсулот учун йилига тахминан 383 GWh электр энергиясини ташкил этади. Бу билан боғлиқ углерод чиқиндиларини қоплаш учун 10 йил давомида ўстириладиган 2,6 миллион туп кўчат талаб этилади.

«Бу Манхеттен катталигидаги ҳудудни қоплашга етадиган даражадаги дарахтлар демакдир», – дейди олимлар.

Фойдаланиладиган сув ҳажми Саҳройи Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатларида яшовчи тахминан 500 минг кишининг минимал йиллик ичимлик сувга бўлган эҳтиёжига, эгаллаган ер майдони эса 800 дан ортиқ футбол майдони ҳудудига тенг. Ҳар бир сўров учун энергия сарфи вазифага қараб бир неча баробарга фарқ қилади. Оддий чат сўрови матнни базавий таснифлашга қараганда тахминан 200 баравар кўпроқ энергия сарфлайди. Сунъий интеллект ёрдамида битта тасвир яратиш базавий кўрсаткичдан қарийб 1 450 баравар кўпроқ энергия талаб қилиши мумкин. СИ ёрдамида яратилган битта қисқа видео 200 мингта спам-хабарни таснифлашга сарфланадиган электр энергияси билан баробар бўлиши мумкин. Моделни танлаш, сўров узунлиги, натижа формати ва аниқлик даражаси – буларнинг барчаси энергия сарфига сезиларли таъсир кўрсатади. Бироқ бу қарорларнинг аксарияти сездирмасдан қабул қилинади, сукут бўйича фойдаланувчи маҳсулот созламаларини ҳеч қачон кўрмайди.

Ҳисоботда моделларнинг самарадорлиги ошгани сайин уларнинг арзонлашиши ва кўпроқ қўлланиши ҳақида огоҳлантирувчи «қайтиш эффекти» (Жевонс парадокси) ҳақида сўз боради. Токенларга аниқ чекловларсиз, стандарт чиқиш маълумотларининг аниқлиги ёки узунлиги алоҳида сўровлар даражасидаги яхшиланишлар ҳажмнинг кескин ўсиши билан осонликча бартараф этилади.

«Кўпчилик сунъий интеллектнинг атроф-муҳитга таъсири технологиялар такомиллашиб, жараёнлар самарадорлиги ошгани сайин камаймоқда, деб ҳисоб­лайди. Аммо бу умумий муаммонинг фақат бир қисми», – деди ҳисобот ҳаммуаллифи профессор Мадани.

«Янада самаралироқ ва арзонроқ сунъий интеллект ва энергия тежамкорлиги сунъий интеллектни кўпроқ истеъмол қилишни англатади, бу эса атроф-муҳитга умумий таъсирни самарадорликни ошириш орқали биз оладиган тежамкорликдан анча юқори қилади», – дейди у.

Сунъий интеллектнинг глобал миқёсда кенг тарқалишининг афзалликлари ва камчиликлари бир хил эмас. Ҳисоботда келтирилган алоҳида объектлар даражасидаги бир нечта мисоллар глобал миқёсда тақсимланган сунъий интеллект хизматлари қандай қилиб кучли маҳаллий босимни келтириб чиқараётганини кўрсатади. Ирландияда 2023 йилда маълумотлар марказлари умумий истеъмол қилинган электр энергиясининг 21 фоизини ташкил этиб, барча шаҳар уй хўжаликлари кўрсаткичларидан ошиб кетган. Миллий электр тармоқлари оператори Дублин ҳудудида янги рухсатномалар беришни 2028 йилгача тўхтатди.

«Бу эса Ирландияни сунъий интеллект инфратузилмасининг ўсиши энергетика ривожланиш режаларидан ўзиб кетганда нима содир бўлишининг аниқ, ҳужжатлаштирилган мисолига айлантиради ва бошқа мамлакатлар нимага интилаётганининг даракчисидир», – дейди тадқиқотчилар.

Бундан ташқари, 2030 йилга бориб СИ инфратузилмаси ҳар йили 2,5 млн тоннагача электрон чиқиндиларни ишлаб чиқариши мумкин. Уларнинг аксарияти паст даромадли ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунларига амал қилинмайдиган мамлакатларда қайта ишланади. СИ чиплари ва қурилмалари учун муҳим бўлган фойдали металлар табиатни муҳофаза қилиш назорати жуда суст бўлган давлатларда қазиб олинади. Бу жараён маҳаллий экотизимларни (сув ва тупроқни) заҳарлайди.

«Маълумотларни қайта ишлаш марказлари қуриладиган жойлар баъзида сув танқислиги энг юқори ҳудудларга тенг бўлади. Ушбу объектлар яқинида яшовчи аҳоли у ерда ишлайдиган сунъий интеллектдан фойдаланмаслиги ҳам мумкин. Бу асимметрик муаммодир. Уни бартараф этмасдан, биз шунчаки эски моделларни такрорлаймиз, бунда баъзи жойдагилар харажат қилади, бошқалари эса фойда кўради», – деди институтнинг геофазовий, иқлим ва инфратузилма таҳлили дастури раҳбари ва ҳисобот ҳаммуаллифи доктор Мир Матин.




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект  2030 йилга бориб 1,3 млрд  кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

Сунъий интеллект 2030 йилга бориб 1,3 млрд кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

🕔15:02, 11.06.2026 ✔11

Сунъий интеллектни таъминлайдиган маълумот марказлари 2030 йилга бориб 1,3 миллиард одамнинг асосий маиший эҳтиёжлари учун зарур бўлган сувни талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда БМТ университети ҳузуридаги Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти маълум қилди.

Батафсил
Ўзбекистон биоxавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни  кенгайтирмоқда

Ўзбекистон биоxавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

🕔16:58, 04.06.2026 ✔49

«Eco Expo Central Asia 2026» халқаро кўргазмаси доирасида «Ўзбекистонда биохавфсизлик ташаббусининг ишга туширилиши: Картахена протоколини тарғиб қилиш» мавзусида сайд-ивент бўлиб ўтди.

Батафсил
Медиация институти:  Экологик ва оилавий низолар ечимидамуҳим нуқта

Медиация институти: Экологик ва оилавий низолар ечимидамуҳим нуқта

🕔16:49, 04.06.2026 ✔71

Сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда низоларни судгача ва суддан ташқари тартибда ҳал этиш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Сунъий интеллект  2030 йилга бориб 1,3 млрд  кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

    Сунъий интеллект 2030 йилга бориб 1,3 млрд кишига етадиган сувни сарфлаши мумкин

    Сунъий интеллектни таъминлайдиган маълумот марказлари 2030 йилга бориб 1,3 миллиард одамнинг асосий маиший эҳтиёжлари учун зарур бўлган сувни талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда БМТ университети ҳузуридаги Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти маълум қилди.

    ✔ 11    🕔 15:02, 11.06.2026
  • Ўзбекистон биоxавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни  кенгайтирмоқда

    Ўзбекистон биоxавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

    «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро кўргазмаси доирасида «Ўзбекистонда биохавфсизлик ташаббусининг ишга туширилиши: Картахена протоколини тарғиб қилиш» мавзусида сайд-ивент бўлиб ўтди.

    ✔ 49    🕔 16:58, 04.06.2026
  • Медиация институти:  Экологик ва оилавий низолар ечимидамуҳим нуқта

    Медиация институти: Экологик ва оилавий низолар ечимидамуҳим нуқта

    Сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда низоларни судгача ва суддан ташқари тартибда ҳал этиш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    ✔ 71    🕔 16:49, 04.06.2026
  • Электросамокатлар: тақиқ эмас, тартиб керак

    Электросамокатлар: тақиқ эмас, тартиб керак

    Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон йирик шаҳарларида янги транспорт оммалашди. Бир пайтлар фақат истироҳат боғлари ёки туристик масканлардаги вақтинчалик кўнгилочар восита сифатида қабул қилинган электросамокатлар (микромобиллик транспорти) бугун кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.

    ✔ 52    🕔 16:46, 04.06.2026
  • Сўнмас  гўзаллик… пластик  чиқиндидан

    Сўнмас гўзаллик… пластик чиқиндидан

    Биласизми, ҳар куни миллионлаб пластик пакетлар ўйламасдан чиқиндига ташланади. Улар чиқиндихоналарда тўпланиб, дарё ва океанларни ифлослантиради, тупроқда эса йиллар давомида сақланиб қолади. Аммо Хоразм вилояти Урганч туманида бошқача манзара юз бермоқда: пластик чиқиндилар нафис гулларга, умид, ижодкорлик ва имконият рамзига айланмоқда.

    ✔ 48    🕔 16:42, 04.06.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар