Экология      Бош саҳифа

Депутатлик бош мезони – одамлар ишончи оқланишида оқланишида

Баъзан одамлар учун катта кўринадиган муаммони ҳал этиш биргина қарордан бошланади. Баъзан эса бир кўчанинг асфальтланиши, бир километр канални бетонлаш ёки эскирган боғча биносининг таъмирланиши бутун бир маҳалланинг ҳаётини ўзгартиради.

Депутатлик бош мезони –  одамлар  ишончи  оқланишида  оқланишида

Шу маънода, халқ вакили фаолиятининг ҳақиқий самараси фақат мажлислар залида айтилган гаплар билан эмас, одамлар орасига чиқиб, уларнинг дардини эшитиш, муаммони жойида кўриш ва унинг ечимига эришиш билан ҳам белгиланади. Зеро, депутатлик – аввало, халқ ишончини оқлаш масъулиятидир.

Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги тегишли қарори асосида депутатларга «Ташаббусли бюджет» доирасида етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар орасидан аҳоли учун энг муҳим ва долзарб бўлган битта ташаббусни танлаб, уни амалга оширишга кўмаклашиш имконияти яратилди. Бу эса муҳим бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: лойиҳа овоз тўп­лай олмагани унинг ортида турган муаммо арзимас, дегани эмас. Ахир ҳар бир ташаббус ортида муайян маҳалланинг эҳтиёжи, юзлаб хонадонларнинг кундалик ташвиши ва одамларнинг ҳаётини яхшилаш истаги бор. Демак, «овоз етмай қолди – масала ёпилди» деган ёндашувдан кўра, «бу муаммо аҳоли учун қанчалик муҳим?» деган саволга жавоб топиш муҳим.

Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Отамуротовнинг Хоразм вилояти Шовот, Янгибозор, Гурлан ҳамда Урганч туманларида олиб борган ўрганишлари ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Депутат биргина кабинетда ўтириб маълумотларни кўриб чиқиш билан чекланмади. Кўплаб маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот олиб борди. «Ташаббусли бюджет»да етарли овоз тўплай олмаган лойиҳаларнинг ҳақиқий аҳамияти жойида ўрганилди. Муҳими, бунда фақат лойиҳа номи ёки сўралаётган маблағ миқдори эмас, унинг одамлар ҳаётига таъсири асосий мезон сифатида қаралди.

 

Муаммо қоғозда эмас, одамлар орасида

Шовот туманининг «Роят», «Бўстон», «Мевазор», «Дўстлик», «Арчазор», «Ипакчи», «Тахтакўпир», Янгибозор туманининг «Халқобод», «Шоирлар», «Мингбоғолон», Гурлан туманининг «Байналминал», «Янги аср», «Гулшан», «Қангли», «Марбоғат», «Чинобод», Урганч туманининг «Мироблар», «Янгиобод» ҳамда «Обод» каби маҳаллаларида ўтказилган ўрганишлар давомида йўл, сув, мактабгача таълим, мактаб, тиббиёт, ёшлар учун шароит яратиш ва бош­қа ижтимоий масалалар юзасидан билдирилган таклифлар атрофлича таҳлил қилинди.

Балки бир қарашда буларнинг айримлари оддий маиший масаладек туюлар. Аммо муаммога одамнинг ҳаёти нуқтаи назаридан қарасак, манзара бутунлай бошқача. Бир маҳаллада йўлнинг ҳолати асосий муаммо бўлса, бошқасида сув тармоғи, яна бирида эскирган боғча биноси ёки тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси аҳолини қийнаётгани аён бўлди. Шунинг учун муаммони кабинетда туриб тахмин қилишдан кўра, уни одамларнинг ўзи билан гаплашиб, кўз билан кўриб баҳолашнинг аҳамияти катта.

 

Бир йўл ортидаги оилалар тақдири

Ўрганишлар давомида йўл инфратузилмасига оид мурожаатларнинг салмоқли ўрин эгаллагани ҳам бежиз эмас. Масалан, Шовот туманида «Анор» кўчасининг 2 километри, «Дўстлик» маҳалласидаги жами 5 километр йўл, «Арчазор» маҳалласидаги Ислом Каримов кўчасининг 2,4 километри, «Ипакчи» маҳалласидаги айрим кўчаларнинг 900 метр қисмини асфальтлаш масалалари кўриб чиқилди.

Гурлан туманида эса «Байналминал» маҳалласидаги Ал-Хоразмий ва Байналминал кўчалари ҳамда ички йўллар, Янги аср маҳалласида Нукус кўчасининг 1 740 метр қисми, Қангли маҳалласида ички хўжалик йўли ва «Аму-соҳили» кўчаси, Марбоғат маҳалласида «Шон-шараф» ва «Аҳиллик» кўчалари, Чинобод маҳалласида эса «Чинобод» кўчасини асфальтлаш масалалари ўрганилди.

Хўш, йўл ҳақиқатан ҳам шунчалик муҳимми? Албатта. Чунки йўл – фақат машина юрадиган асфальт қатлами эмас. У боланинг мактабга хавфсиз бориб-келиши, беморнинг шифокорга вақтида етиб бориши, деҳқоннинг маҳсулотини бозорга чиқариши, одамларнинг ишга қатнаши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши билан боғлиқ. Демак, бир кўчанинг асфальтланиши ортида юзлаб хонадонларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиришдек катта манфаат мужассам.

 

Сув бор жойда – ризқ бор

Бўстон маҳалласида Бегёп каналининг бир километр қисмини бетонлаштириш ташаббуси ҳам шундай муҳим масалалардан бири сифатида ўрганилди.

Қишлоқ жойларда сувнинг барқарорлиги оддий коммунал масала эмас. У ҳосилдорлик, деҳқон хўжаликлари даромади, озиқ-овқат етиштириш ва оила фаровонлиги билан бевосита боғлиқ. Каналларни бетонлаштириш эса сувнинг самарасиз йўқолишини камайтириш, суғориш имкониятларини яхшилаш ва мавжуд сув ресурсидан унумли фойдаланишга хизмат қилиши мумкин.

Шу боис бир километр канал ҳақида гапираётганда ҳам унинг ортида қанча гектар ер, қанча хонадон, қанча меҳнат ва қанча оила даромади турганини унутмаслик керак. Зеро, қишлоқда сув – тирикликнинг ўзи.

 

Боғча, мактаб, тиббиёт – келажакка сармоя

Одамларнинг бугунги эҳтиёжи билан бирга, эртанги куни ҳам ўрганишларда алоҳида эътибор марказида бўлди. Шовот туманидаги Роят маҳалласида 1973 йилда қурилган, ҳозирда 150 нафар бола тарбияланаётган 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг эскиргани аниқланди.

Буни шунчаки «эски бино» деб баҳолаш мумкинми? Йўқ. Гап болаларнинг хавфсизлиги, улар учун муносиб ва замонавий муҳит яратиш ҳақида кетмоқда. Шу нуқтаи назардан, ташкилотни қайта қуриш ва давлат дастурига киритиш таклифининг илгари сурилиши муаммони бугун кўриб, эртага ҳал қилиш эмас, балки уни олдиндан кўра билиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.

Янгибозор туманидаги «Шоирлар» маҳалласида тиббиёт пунктига қўшимча бино ажратиш, 5-сонли умумтаълим мактабида спорт зали барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Гурлан туманидаги «Гулшан» маҳалласида эса туман тиббиёт бирлашмасини таъмирлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий шароитлар яратиш зарурати ўрганилди.

Буларнинг ҳар бири алоҳида қаралганда кичик лойиҳа бўлиб кўриниши мумкин. Аммо унинг натижаси катта: хавфсиз боғча – боланинг хотиржамлиги, яхши мактаб – ўқувчининг келажаги, замонавий тиббиёт муассасаси – инсон саломатлиги дегани.

 

Халқнинг овози қарорга айланганда

Депутатлик ўрганишларининг яна бир муҳим жиҳати аҳоли билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилганидир. Дўстлик маҳалласидаги учрашувларда фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар билан бирга, «Ташаб­бусли бюджет» жараёни бўйича ҳам таклифларини билдирди. Мингбоғолон маҳалласида эса фаоллар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, маҳалланинг ғолиб бўла олмаган ташаббуси – «Муштарак» ва «Оёқчи» кўчаларини асфальтлаш масаласи жойида ўрганилди.

Мингбоғолон маҳалласида 641 та хонадон ва 3 767 нафар фуқаро истиқомат қилиши, ҳудудда 19 та кўча мавжудлиги ҳар қандай инфратузилмавий ташаббус қанчадан-қанча одамнинг ҳаётига таъсир қилишини кўрсатади. Бу ерда аҳолининг фикри шунчаки эшитилиб қолмаяпти. Таклифлар таҳлил қилиниб, бошқа ташаббуслар билан солиштирилмоқда, энг долзарб масалани аниқлашга ҳаракат қилинмоқда.

Демак, халқнинг талаби фақат овоз бериш жараёни билан чекланиб қолмасдан, муаммони аниқлаш, устувор йўналишни белгилаш ва уни ечимга йўналтириш жараёнига ҳам таъсир қилмоқда.

Аслида депутатлик фаолиятининг мезони ҳам шу ерда намоён бўлади: муаммони кўришнинг ўзи етарли эмас, унинг ечимига эришиш учун кейинги қадамлар қўйилиши керак. Мурожаат → ўрганиш → таклиф → амалий чора → назорат. Ана шу занжир узилмаса, одамнинг дарди қоғозда қолиб кетмайди.

Шовот, Янгибозор, Гурлан ва Урганч туманларидаги ўрганишлар ҳам бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: халқ фаровонлиги доим ҳам миллиардлаб сўмлик улкан лойиҳалардан бошланмайди. Баъзан унинг бошланиши бир маҳалладаги йўл, бир километр канал, эски боғча биноси, тиббиёт пункти ёки мактабдаги спорт зали бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон бор. Ҳар бир лойиҳа ортида оила бор. Ҳар бир маҳалла ташаббуси ортида эса ҳудуднинг келажаги турибди.

 

Зулфия ДАВЛАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати ёрдамчиси




Ўхшаш мақолалар

Оролқум чўлида ҳаётнинг  Яшил излари

Оролқум чўлида ҳаётнинг Яшил излари

🕔10:27, 10.09.2026 ✔10

Орол фожиаси инсоният тарихидаги энг катта экологик офатлардан бири сифатида нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солиб келмоқда.

Батафсил
Депутатлик бош мезони –  одамлар  ишончи  оқланишида  оқланишида

Депутатлик бош мезони – одамлар ишончи оқланишида оқланишида

🕔10:20, 10.09.2026 ✔10

Баъзан одамлар учун катта кўринадиган муаммони ҳал этиш биргина қарордан бошланади. Баъзан эса бир кўчанинг асфальтланиши, бир километр канални бетонлаш ёки эскирган боғча биносининг таъмирланиши бутун бир маҳалланинг ҳаётини ўзгартиради.

Батафсил
Тошкент ва   Самарқанд ФАОнинг «Яшил  шаҳарлар»  тармоғига қўшилди

Тошкент ва  Самарқанд ФАОнинг «Яшил шаҳарлар» тармоғига қўшилди

🕔16:28, 04.09.2026 ✔69

Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Яшил шаҳарлар» тармоғига аъзо бўлди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оролқум чўлида ҳаётнинг  Яшил излари

    Оролқум чўлида ҳаётнинг Яшил излари

    Орол фожиаси инсоният тарихидаги энг катта экологик офатлардан бири сифатида нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солиб келмоқда.

    ✔ 10    🕔 10:27, 10.09.2026
  • Депутатлик бош мезони –  одамлар  ишончи  оқланишида  оқланишида

    Депутатлик бош мезони – одамлар ишончи оқланишида оқланишида

    Баъзан одамлар учун катта кўринадиган муаммони ҳал этиш биргина қарордан бошланади. Баъзан эса бир кўчанинг асфальтланиши, бир километр канални бетонлаш ёки эскирган боғча биносининг таъмирланиши бутун бир маҳалланинг ҳаётини ўзгартиради.

    ✔ 10    🕔 10:20, 10.09.2026
  • Тошкент ва   Самарқанд ФАОнинг «Яшил  шаҳарлар»  тармоғига қўшилди

    Тошкент ва  Самарқанд ФАОнинг «Яшил шаҳарлар» тармоғига қўшилди

    Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Яшил шаҳарлар» тармоғига аъзо бўлди.

    ✔ 69    🕔 16:28, 04.09.2026
  • Келажакка  Тикилган манфаатли  сармоя

    Келажакка Тикилган манфаатли сармоя

    Экологик тарбия – шунчаки назарий билимлар ёки табиат ҳақидаги қуруқ маърузалар йиғиндиси эмас. Бу инсоннинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини белгилайдиган, болаликдан шаклланиб, умрбод сақланиб қоладиган дунёқараш ва муҳим ҳаётий кўникмадир.

    ✔ 125    🕔 16:03, 27.08.2026
  • Она табиатни  асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

    Она табиатни асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

    ЎЭП Сурхондарё вилоят партия ташкилоти ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағиш­лаб, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» ғояси асосида Сангардак туризм масканида экофестиваль ташкил этилди.

    ✔ 130    🕔 15:58, 27.08.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар