Давр нафаси      Бош саҳифа

Самарқанд экологик кун тартиби атрофида дунёни бирлаштирди

Шу кунларда Самарқанд замонамизнинг энг муҳим экологик муаммоларини муҳокама қилиш учун глобал майдонга айланди. Бу ерда 30 майдан 6 июнгача Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси ва GEF Кенгашининг 71-йиғилиши бўлиб ўтди.

Самарқанд  экологик кун тартиби атрофида дунёни  бирлаштирди

Ассамб­лея тарихда илк бор Марказий Осиёда ташкил этилиб, 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий доиралар, бизнес, фуқаролик жамияти, ёшлар ва маҳаллий аҳоли вакилларини бирлаштирди.

Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакат ва бутун Марказий Осиё минтақасининг глобал экологик ҳамда иқлим кун тартибини илгари суришдаги роли тобора ортиб бораётганининг ўзига хос эътирофи бўлди, дейиш мумкин. Бир ҳафта давомида Самарқанд барқарор ривожланиш, иқлимга мослашувчанлик, биохилма-хилликни сақлаш, атроф-муҳит ифлосланишига қарши кураш ва яшил иқтисодиётга ўтиш масалалари бўйича очиқ халқаро мулоқот майдонига айланди.

Ассамблея кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг форумнинг очилиш маросимида илгари сурган ташаббуслари алоҳида ўрин эгаллади. 

Ўзбекистон раҳбари Самарқандга «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» мақомини бериш ташаббуси билан чиқди.

Ушбу платформа яшил молиялаштиришни жалб этиш, экологик технологияларни тарғиб қилиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги илғор ечимларни жорий этишга хизмат қилади. Ташаббус Самарқанднинг минтақадаги экологик дипломатия ва яшил трансформациянинг муҳим марказларидан бири сифатидаги мавқеини янада мус­таҳкамлашга қаратилган.

Яна бир муҳим баёнот Ўзбекистоннинг Глобал экологик фонд донор мамлакатига айланиши ҳақидаги қарор бўлди. Халқаро ҳамжамият бу қадамни мамлакатнинг нафақат халқаро қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланишга, балки глобал экологик муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканининг далили сифатида қабул қилди.

Тадбир якунларини сарҳисоб қилар экан, GEF VIII Ассамблеяси раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ассамблея глобал экологик кун тартибини илгари суриш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва давлатлар ҳамда ташкилотлар ўртасида ишончни кучайтиришга хизмат қилганини таъкидлади.

«Қадимий Самарқандда ўтган кунлар давомида биз глобал экологик кун тартибини илгари суришга, ҳамкорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга муваффақ бўлдик. Ассамблея доирасида тўққизта юқори даражадаги давра суҳбати, элликдан ортиқ қўшимча тадбирлар, ўнлаб икки томонлама учрашувлар ва эксперт муҳокамалари ўтказилди. GEF Кенгаши GEF-9 дастурий йўналишлари, янгиланган STAR тизими, GEF иш дастури ва янги молиявий циклдаги интеграциялашган дастурларни амалга ошириш механизмлари бўйича муҳим қарорларни қабул қилди», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Экология қўмитаси раисининг таъкидлашича, GEF-8 маблағларининг деярли тўлиқ ўзлаштирилгани ва янги дастурий қарорларнинг тасдиқланиши «Табиат – Иқлим – Ифлосланиш» интеграциялашган ёндашувига асосланган GEF-9 дастурини ишга тушириш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Шунингдек, маҳаллий ҳамжамиятлар ва туб аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг иштирокини кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Шу мақсадда GEF-9 маблағларининг камида 20 фоизини туб халқлар ва маҳаллий ҳамжамиятларга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ассамблея доирасида умумий қиймати 80 миллион доллардан ортиқ бўлган миллий ва минтақавий экологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари йирик йиртқич мушуксимон ҳайвонлар ва уларнинг экотизимларини муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастур ишлаб чиқиш ҳамда уни GEF-9 доирасида илгари суриш ҳақида келишиб олдилар.

Форумнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларини барқарор бошқаришга қаратилган «Central Asia Water and Land Nexus» (CAWLN) минтақавий дастурига расман старт берилди. Дастур ғояси илк бор GEFнинг Ванкувердаги аввалги Ассамблеясида илгари сурилган эди. Самарқандда эса у самарали халқаро ҳамкорлик ва изчил давомийликнинг амалий намунаси сифатида ҳаётга татбиқ этилди.

Форум якунларини сарҳисоб қилар экан, GEFнинг бош директори ҳамда стратегия ва операциялар бўйича директори Клод Гаскон Ассамблеянинг энг катта ютуғи халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва глобал экологик муаммоларга биргаликда ечим топиш бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айнан давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда барқарор келажак учун зарур шароитларни яратади.

Ассамблея муҳокамаларининг марказида экологик молиялаштиришни сафарбар этиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, инновацион молия­вий воситаларни жорий этиш ва табиатни муҳофаза қилишга йўналтирилган инвестициялар самарадорлигини ошириш масалалари турди.

Шунингдек, яқин йилларда глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб берадиган янги молиявий давр – GEF-9 дастурига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар экологик мақсадларга эришиш тизимли ислоҳотлар ва давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ҳамда жамият ўртасидаги яқин ҳамкорликсиз мумкин эмаслигини таъкидладилар. Пленар сессиялар ва давра суҳбатларида иқлим барқарорлиги, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, ерларнинг деградацияси, сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳит ифлосланиши ва айланма иқтисодиётга ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

GEFнинг Илмий-техник маслаҳат гуруҳи раиси Розина Бирбаум жаҳон иқтисодиётининг ярмидан кўпи бевосита табиий капиталга боғлиқлигини, бироқ табиий экотизимларга йўналтирилаётган инвестициялар ҳануз етарли эмаслигини қайд этди. Халқаро молия институтлари ва хусусий сектор вакиллари глобал капитални экологик лойиҳаларга фаолроқ жалб этишга ҳамда атроф-муҳит деградациясини иқтисодий барқарорликка таъсир қилувчи асосий омиллардан бири сифатида кўриб чиқишга чақирдилар.

Ассамблея доирасида фуқаролик жамияти, ёшлар, аёллар, туб халқлар ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг ролига ҳам катта эътибор қаратилди. Иштирокчилар экологик сиёсатни самарали амалга ошириш кенг жамоатчилик иштирокисиз мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидладилар. Шу муносабат билан «Бутун жамият ёндашуви» (Whole-of-Society Approach) тамо­йили GEF-9 дастурининг асосий элементларидан бири сифатида эътироф этилди.

Ассамблея билан бир вақтда Самарқандда «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Тадбир 150 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 10 минг иштирокчини бирлаштирди. Кўргазмада 120 дан ортиқ павильон, экологик стартаплар, инновацион технологиялар ҳамда барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт соҳасидаги инвестициявий лойиҳалар намойиш этилди.

Кўргазма якунларига кўра, умумий қиймати қарийб 520 миллион доллар бўлган 300 га яқин яшил лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Шу муносабат билан Азиз Абдуҳакимов халқаро ҳамкорларни 2027 йилда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказиладиган ва барқарор ривожланиш ҳамда яшил инвестицияларга бағишланадиган «Eco Expo Central Asia 2027» кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.

Халқаро медиа-мониторингнинг дастлабки маълумотларига кўра, GEFнинг VIII Ассамблеяси 70 дан ортиқ мамлакат оммавий ахборот воситаларида 15 тилда қарийб 500 марта тилга олинган. Бу эса форумга бўлган юқори халқаро қизиқиш ва Ўзбекистоннинг экологик дипломатиядаги роли тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Самарқандда бўлиб ўтган GEFнинг VIII Ассамблеяси нафақат йилнинг энг йирик халқаро экологик майдонига айланди, балки 2030 йилгача бўлган глобал барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳал қилувчи даврга тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳам бўлди. Қабул қилинган қарорлар, ишга туширилган дастурлар ва шакллантирилган ҳамкорликлар яқин йилларда халқаро экологик ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб беради ҳамда янада барқарор ва экологик хавфсиз келажакка ўтишга хизмат қилади.

 

Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори Гретел АГИЛАР:

– Ушбу Ассамблея дунёнинг турли мамлакатларидан келган инсонларни ягона эзгу мақсад – инсоният фаровонлиги йўлида табиатни асраш ғояси атрофида бирлаштирди. Айнан шу жиҳат унинг ўзига хос аҳамияти ва қадрини белгилайди. GEF Кенгаши йиғилиши ҳукуматлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, шунинг­дек, сайёрамизни асрашга ўз ҳиссасини қўшишни истаган инсонларни бир майдонда жамлади. Зеро, Ер – бизнинг ягона уйимиз.

Ўзбекистон GEF оиласининг бир қисмига айланмоқда ва Глобал экологик фондга молиявий ҳисса қўшишни бош­ламоқда. Бу, шубҳасиз, жуда қувонарли ва муҳим янгилик. Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда табиатни муҳофаза қилишга қаратилган мақсадларни қўллаб-қувватлашга янги давлатнинг қўшилиши алоҳида эътирофга лойиқ воқеадир.

Бу Ўзбекистон ўз устувор йўналишларини тўғри белгилаётганини ва экологик масалаларга катта эътибор қаратаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу Ўзбекистон халқининг табиатни муҳофаза қилиш ишига юксак масъулияти ва садоқатини намоён этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ассамблеянинг очилиш маросими иштирокчиларига йўллаган мурожаати ниҳоятда самимий ва таъсирли бўлди. Унда ҳамкорлик, сайёрамизни асраш ва табиатнинг инсоният фаровонлигидаги беқиёс ўрни ҳақида кучли ҳамда илҳомлантирувчи фикрлар янгради.

Биз долзарб масалаларни қамраб олган ушбу мурожаат учун, мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистоннинг қатъий позицияси учун, шунингдек, GEF Бош Ассамблеясининг очилиш маросимида янграган самимий ва мазмунли сўзлар учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирамиз.




Ўхшаш мақолалар

Самарқанд  экологик кун тартиби атрофида дунёни  бирлаштирди

Самарқанд экологик кун тартиби атрофида дунёни бирлаштирди

🕔15:12, 11.06.2026 ✔17

Шу кунларда Самарқанд замонамизнинг энг муҳим экологик муаммоларини муҳокама қилиш учун глобал майдонга айланди. Бу ерда 30 майдан 6 июнгача Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси ва GEF Кенгашининг 71-йиғилиши бўлиб ўтди.

Батафсил
Давлат бюджети ижроси:  «Яшил ривожланиш»ни  молиялаштириш  кучаймоқда

Давлат бюджети ижроси: «Яшил ривожланиш»ни молиялаштириш кучаймоқда

🕔17:07, 04.06.2026 ✔134

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Батафсил
Тошкент халқаро  молия маркази: Барқарор  ривожланиш ва  яшил  иқтисодиётда янги  имкониятлар

Тошкент халқаро молия маркази: Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиётда янги имкониятлар

🕔17:06, 04.06.2026 ✔127

Бугун жаҳон молиявий тизими тубдан ўзгармоқда. Инвесторлар эндиликда шунчаки фойда изламаяпти, балки ўз маблағларини ижтимоий масъулиятли, экологик тоза ва келажакка хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтиришга интилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар