Канада «Яшиллар» партиясига 1983 йил 4 ноябрда асос солинган бўлиб, 2006 йилдан буён унга таниқли сиёсатчи Элизабет Мэй етакчилик қилмоқда.
Сиёсий ҳаракат ҳозирда Канада парламенти Жамоат палатасида 2 та ўринга эга ва 12 мингдан зиёд аъзоси бор.
Партия илк бор федерал сайловларда 1984 йилда иштирок эта бошлаган бўлса-да, фақат 2004 йилга келибгина 1 фоиздан ортиқ сайловчи овозини олиб, федерал молиялаштириш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу федерал сиёсий партия глобал яшил сиёсат, ижтимоий демократия, тараққийпарварлик, тинчликпарварлик ғояларини фаол илгари суриб келмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда анча оғирлашиб бораётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат, зўравонликларга барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича сиёсий платформалардаги фаоллиги аҳолига манзур бўлмоқда. Натижада 2008 йилдаги сайлов кампанияси чоғида партия илк бор дебатларга таклиф қилинди ва сайлов натижаларига кўра, 6,8 фоиз овоз тўплади. Энг қизиғи, гарчи улар 1 миллион нафар канадаликнинг овозини жамғарганига қарамай, мамлакатдаги мураккаб сайлов тизими сабабли Жамоат палатасида бирорта ҳам ўрин ололмади.
Аммо партия бошқача йўл тутди. 2008 йил 30 августда мустақил номзод сифатида қатнашиб, депутат бўлган Блэр Вильсонни «Яшиллар» партиясига қўшиб олишди. Натижада у парламентда партия вакили бўлгани боис, партиянинг сиёсий дебатларида қатнашиш имконияти яратилди.
Партия сўнгги йилларда ўзининг устувор қарашларини ислоҳ қилмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши самарали курашиш учун иқтисодий моделларни трансформация қилиш, халқлар ҳаётига рахна солаётган озиқ-овқат инқирози, экологик хавфсизлик бўйича қарорлар қабул қилишга эътиборни кучайтирмоқда.
Глобал даражада ҳамкорлик зарурати
Сўнгги йилларда Канадада глобал иқлим ўзгаришлари ўз таъсирини фавқулодда кўрсатиб, ҳатто айрим жойларда Цельсий бўйича 50 даражагача иссиқ қайд этилмоқда. Кўплаб ўрмон ёнғинлари қайд этилиб, ҳавонинг тутунга тўлиши натижасида шаҳарларда аҳоли қаттиқ азият чекмоқда.
2023 ва 2025 йилларда мамлакат тарихида энг йирик ўрмон ёнғинлари юз берди. Ҳар йили ўртача 7 миллион гектар ўрмонлар ёниб кетмоқда. Жорий йилда эса, ҳали мавсум бошланганига қарамай, мамлакат миқёсида 900 га яқин катта-кичик ёнғинлар юз бериши оқибатида 1,9 миллион гектар яшил ўрмонларнинг кули кўкка совурилди.
Икки йил илгари Канада Табиат учун масъуллик ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди ва у бу борада Чилидан кейин жаҳондаги иккинчи етакчи мамлакат ҳисобланади. Чунки мамлакатда ҳар бештадан битта ёввойи табиат турлари йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия қабул қилинган.
Маълумки, ушбу мамлакатда жаҳондаги тоза сув захирасининг 20 фоизи, сув-ботқоқ ҳудудларининг 25 фоизи, шимолий ва тайга ўрмонларининг 25 фоизи жойлашган. Мамлакатнинг 14 фоиз ёки 1,4 миллион квадрат километр ер майдони, 15 фоиз сув ҳудуди тўлиқ муҳофазага олинган ва давлат томонидан қаттиқ ҳимоя қилинади.
Яна бир оғриқли маълумот. Олимлар тадқиқотларига қараганда, АҚШ ва Канадада сўнгги 50 йилда қушлар сони 29 фоизга камайган ёки 3 миллиард бошга қисқарди. Шу сабабли Канада янги парклар қуриш, табиатни асраш учун бюджетдан ҳар йили 2 миллиард доллар маблағ ажратмоқда.
Канада биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик оқилликни тарғиб қилиш, табиий ресурсларни асраб-авайлашни бутун жаҳонда кенг тарғиб қилмоқда. Инсоннинг мавжудлиги табиатнинг ажралмас бир қисми экани, ҳайвонот ва наботот дунёсини алоҳида қадрият сифатида ҳурмат қилиш зарурлигини етказмоқда.
Расмийлар сайёрамизнинг ресурслари чекланган бир шароитда экологик тизимнинг бус-бутунлигини сақлаб қолиш, табиат унсурлари бўлган «ер-сув-ҳаво-қуёш» неъматларидан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратмоқда.
Канада «Яшиллари» табиатнинг қимматли ресурсларидан ҳар бир инсон учун ҳам маҳаллий, ҳам глобал даражада адолатли тақсимлашга урғу беради. Уларнинг наздида, қуролсизланиш, яъни ядро, биологик ва кимёвий қуролларни узил-кесил тақиқлаш, пиёдаларга қарши миналардан можароли ҳудудларни тўлиқ тозалаш атроф-муҳитни асрашнинг энг самарали усулидир.
Шунингдек, эндиликда саноат ишлаб чиқариши ва энергия самарадорлигини таъминлашда экологик барқарор технологиядан фойдаланишга диққат қаратилмоқда. Ёшлар маданиятига «яшил» қарашларни таъсирчан усулларда сингдириш ҳам Канада «яшиллар» партиясининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда.
Мунира МУХТОР қизи
Экология қўмитаси раисининг парламентга жавоби: Экологик таълим ва тарғибот давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди
🕔10:55, 30.07.2026
✔74
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А.Абдуҳакимовнинг 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган парламент сўровига жавоби дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Ҳудудлар биринчи ярим йиллик фаолиятни сарҳисоб қилмоқда
🕔10:52, 30.07.2026
✔71
Ўзбекистон Экологик партияси ҳудудий кенгашларида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда партия дастурий мақсадларини амалга оширишда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинмоқда.
Батафсил
Канада «яшил»лари долзарб муаммоларни кўтармоқда
🕔10:50, 30.07.2026
✔71
Канада «Яшиллар» партиясига 1983 йил 4 ноябрда асос солинган бўлиб, 2006 йилдан буён унга таниқли сиёсатчи Элизабет Мэй етакчилик қилмоқда.
Батафсил