Ҳар бир ҳовлидаги соғлом Микроиқлим экотизим барқарорлигига хизмат қилади
Томорқа ва ҳовли-жойларни обод сақлаш – экологиядан ҳам, давлатчилигу маданиятдан ҳам дарак берадиган миллий масала
БатафсилРўзғор учун бозорга тушганда табиий маҳсулот излашимиз бор гап. Оддийгина тухумнинг ҳам «жайдари»сини қидирамиз. Негаки, хонадонда боқилган товуқлар тухумида ҳеч қандай дори ва гормонлар бўлмайди, дея ишонамиз.
Хўш, бошқа маҳсулотлар: гўшт, турли мева-сабзавотларни ҳарид қилишда ҳам мана шундай хусусиятларга эътибор қаратиладими? Гени ўзгартирилган ёки қўшимча дорилар билан етиштирилганлари сертификатланган ҳолда пештахталарга жойлаштириладими? Аслида бундай махсулотлар истеъмолга қандай таъсир кўрсатади?
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Олам» мунозара клубининг навбатдаги сессияси айнан мана шу масала – қишлоқ хўжалигини экологик барқарор ривожлантириш, аҳолини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда органик маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Бугунги кунда дунёда табиий усулда, кимёвий воситалардан меъёрдан ортиқ фойдаланмасдан етиштирилган, келиб чиқиши ва сифати назорат қилинган маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Бу эса органик қишлоқ хўжалигини экологик ва иқтисодий жиҳатдан истиқболли йўналишга айлантирмоқда.
Органик маҳсулот етиштириш тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда агрокимёвий воситаларнинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, маҳсулотларни сертификатлаш, лаборатория назоратини кучайтириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозор ва экспорт имкониятларини кенгайтириш каби масалалар долзарб бўлиб қолмоқда. Савдо тармоқларида «органик», «табиий» ва «экологик тоза» белгиларидан фойдаланиш, маҳсулот таркиби ҳақида ишончли маълумот бериш ҳамда ГМО мавжуд маҳсулотларни назорат қилиш ва маркировкалаш ҳам жамоатчиликда кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.
Мамлакатимизда органик маҳсулотлар етиштириш учун қандай имкониятлар яратилмоқда? Фермерларнинг органик ишлаб чиқаришга ўтиши учун қандай шароитлар зарур? Органик маҳсулотни оддий маҳсулотдан қандай ажратиш мумкин? Сертификатлаш ва лаборатория назорати қай даражада йўлга қўйилган? Ички бозор ва экспорт имкониятлари қандай? ГМО бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш ва истеъмолчиларга очиқ ахборот бериш учун қандай чоралар кўрилиши керак?
Шу каби саволлар юзасидан тегишли йўналишлар бўйича таклиф этилган эксперт-мутахассислар фикрлари тингланди.
Анвар ЖУМАНОВ,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини жорий этиш ва маркировкалаш бўлими (GAP) бошлиғи:
– «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, юртимизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, тамғалаш, реализация қилиш, мувофиқликни баҳолаш ҳамда авторизациялаштириш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.
Бугунги кунда юртимизда органик қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб бормоқда. Республика бўйича 36 нафар ишлаб чиқарувчи томонидан 10 минг 320 гектар майдонда органик маҳсулотлар етиштирилмоқда. Ушбу ер майдонларидан 26,4 минг тонна органик маҳсулот олинди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда органик ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ортиб, соҳага қизиқиш тобора кучайиб бораётганини яққол тасдиқлайди.
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш мақсадида республиканинг 16 ҳудудида ушбу йўналишга ихтисослаштирилган марказлар ташкил этилди.
Бу марказлар фермер ва ишлаб чиқарувчиларга илмий-амалий кўмак бериш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳада сертификатлаштириш тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 11 та халқаро сертификатлаштириш органи фаолият юритмоқда. Улар орасида Нидерландия, Германия, АҚШ, Россия ва бошқа қатор давлатларнинг нуфузли сертификатлаштириш ташкилотлари ҳам бор.
2025 йилда Самарқанд шаҳрида мамлакатимиздаги биринчи Миллий сертификатлаштириш органи ташкил этилди. Шунингдек, хусусий секторда иккита замонавий лаборатория ишга туширилди. Ушбу лабораториялар маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддалар ва пестицидлар мавжудлиги ҳамда уларнинг миқдорини аниқлаш имкониятига эга бўлиб, органик маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Органик қишлоқ хўжалиги учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. Бугунги кунда мамлакатимиздаги бешта олий таълим муассасасида мазкур йўналиш бўйича махсус таълим дастурлари йўлга қўйилган. Органик селекция соҳасида қатор илмий тадқиқотлар амалга оширилиб, юқори сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга хизмат қиладиган янги ишланмалар устида изланишлар давом этмоқда.
Рустамжон АБДУҲАКИМОВ,
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси лаборатория директори биринчи ўринбосари:
– Органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бир қаторда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар қандай давлат миллий хавфсизлигининг ажралмас қисми бўлиб, бу соҳада эришилган натижалар мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва рақобатбардошлигини ҳам белгилайди.
Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжуд эди. Хусусан, яқин вақтларгача баъзи лабораторияларимизда халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий таҳлил ускуналари етарли эмасди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи комплекс қонунчилик ҳужжати ҳам йўқ эди.
Бу борадаги муҳим қадам сифатида 2025 йил 3 февралда «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди.
Қўмита ҳузуридаги махсус ишчи гуруҳ 2026 йил 1 августга қадар озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларидаги мол-мулк ва инфратузилмаларни хатловдан ўтказиб, уларни Қўмита тасарруфига ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни амалга ошира бошлади. Хусусан, 2027 йил 1 мартга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини рақамлаштириш мақсадида ягона автоматлаштирилган ахборот платформаси ишга туширилиши режалаштирилган.
Янги тизимда сунъий интеллект технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда хавфларни бошқариш ва хавф таҳлилига асосланган замонавий назорат механизми жорий этилади. Бунда хавф даражалари илмий асосланган баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилиб, маҳсулот турлари, уларнинг келиб чиққан мамлакатидаги фитосанитария ва ветеринария ҳолати, озиқ-овқат бизнеси операторларининг фаолият тарихи, улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар маълумотлари инобатга олинади.
Яна бир муҳим янгилик сифатида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа манфаатдор томонларни хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тезкор хабардор қилиш ҳамда зарурат туғилганда бундай маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш имконини берувчи электрон тизим яратилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилиши аниқ.
Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
– Органик озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш аллақачон бутун инсониятнинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Дунё аҳолиси сони 8 миллиарддан ошган бир пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро маълумотларга кўра, сайёрамизда қарийб 2,7 миллиард нафар инсон тўйиб овқатланмайди. Яна тахминан 1,5 миллиард киши организм учун зарур бўлган суткалик калория меъёрини қабул қила олмайди. Бу рақамлар озиқ-овқат муаммоси дунё аҳолисининг катта қисми учун ҳанузгача жиддий муаммо бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу расман эътироф этилган кўрсаткичлар, холос. Ҳаётда бундай муаммога дуч келаётганлар сони янада кўп бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Қизиғи шундаки, ўтган асрнинг 50-йилларидан буён Ер аҳолиси қарийб уч баробарга кўпайган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми беш-етти баробарга ошди. Демак, муаммо маҳсулот етишмаслигида эмас, балки уни самарали бошқаришдадир.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача 30 фоизи турли сабабларга кўра йўқотилади. Бунга маҳсулотни етиштиришдаги камчиликлар, ҳосилни йиғиб олишдаги талафотлар, сақлаш, ташиш ва истеъмол қилиш жараёнларидаги йўқотишлар сабаб бўлади. Агар ана шу йўқотишлар қисқартирилса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида жуда катта натижаларга эришиш мумкин.
Шу муаммоларни ҳал этиш мақсадида ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб генетик модификация қилинган организмлар (ГМО) технологиялари кенг қўлланила бошлади. Бу усул айрим йўналишларда ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот йўқотишларини камайтиришга муайян даражада ижобий таъсир кўрсатди.
Бироқ ГМО маҳсулотларининг инсон саломатлиги ва биологик хилма-хилликка узоқ муддатли таъсири юзасидан илмий баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Шу боис дунёда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш, аҳолининг бу борадаги билим ва маданиятини ошириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир истеъмолчи қандай маҳсулотни танлаётгани, унинг таркиби, сифати ва хавфсизлиги ҳақида етарли маълумотга эга бўлиши зарур.
Бу борада аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш, илмий асосланган маълумотларни кенг етказиш ҳам соғлом жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Мулоқотлар давомида органик қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш учун фермерларни самарали рағбатлантириш, сертификатлаш ва лаборатория назорати тизимини такомиллаштириш, органик уруғчилик ҳамда биологик ҳимоя воситаларини кенг жорий этиш, маҳсулотлар кузатувчанлигини таъминлаш ва истеъмолчиларга ишончли ахборот етказиш устувор вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда илгари сурилган таклиф ва мулоҳазалар тупроқ ҳамда сув ресурсларини асраш, биохилма-хилликни сақлаш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермерлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш ҳамда мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш нафақат давлат ёки фермерларнинг, балки ҳар бир истеъмолчининг ҳам онгли танловига боғлиқ экани таъкидланди. Бозор ёки дўкондан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етиштирган органик мева-сабзавот, дон маҳсулотлари, асал ёки сут маҳсулотларини танлаш орқали ҳар бир харидор ўз саломатлигини асраш билан бирга, маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлайди, қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишига ва экологик тоза ишлаб чиқариш кенгайишига ҳисса қўшади.
Маҳаллий ва органик маҳсулотларни танлаш орқали биз нафақат оиламиз дастурхонига сифатли озиқ-овқат олиб кирамиз, балки юртимиз табиатини асраш, миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшиш йўлида ҳам муҳим қадам ташлаймиз.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши бош мутахассиси
Томорқа ва ҳовли-жойларни обод сақлаш – экологиядан ҳам, давлатчилигу маданиятдан ҳам дарак берадиган миллий масала
БатафсилРўзғор учун бозорга тушганда табиий маҳсулот излашимиз бор гап. Оддийгина тухумнинг ҳам «жайдари»сини қидирамиз. Негаки, хонадонда боқилган товуқлар тухумида ҳеч қандай дори ва гормонлар бўлмайди, дея ишонамиз.
БатафсилИчимлик сув ва оқава сув хизматлари аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминловчи стратегик соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда мазкур йўналишни такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторига қўйилди.
Батафсил