Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ҳар бир ҳовлидаги соғлом Микроиқлим экотизим барқарорлигига хизмат қилади

Томорқа ва ҳовли-жойларни обод сақлаш – экологиядан ҳам, давлатчилигу маданиятдан ҳам дарак берадиган миллий масала

Ҳар бир ҳовлидаги соғлом  Микроиқлим экотизим  барқарорлигига хизмат қилади

Ҳовли – оиланинг, кўча эса маҳалланинг кўзгуси. Кенг­роқ қарасак, ҳар бир томорқанинг ҳолати давлат ўз ерига, фуқаро эса ўз бурчига қандай муносабатда эканини кўрсатувчи кичик, аммо аниқ бир белгидир.

Бир кўчада бир-бирига қўшни икки дарвоза. Бирининг ортида – сояси йўлга тушган ўрик, узум ишкоми, гул-райҳон ҳиди анқиб турган озода йўлак, ердан унумли фойдаланиб экилган кўкатлар. Иккинчисида қуёшда қовжираган бўш майдон, белгача ўсган ёввойи ўт ва тиканлар, четда уюлиб қолган чиқинди. Иккала ер ҳам бир хил тупроқ, бир хил осмон остида, бир хил сув келади. Уларнинг орасидаги фарқ эса – оддийгина ҳафсаласизликда, беъэтиборликда. Ўзи яшаб турган масканнинг атроф-муҳитига бўлган лоқайдликда.

Ҳозирги жазирама кунларда ҳамма соя-салқин, баҳаво жой қидиради. Шу мақсадда имкон бўлди дегунча табиат қўйнига ошиқади. Бунинг боиси, ҳовли-жойлардаги микроиқлимнинг мўътадил ва жозибадорлигига айрим фуқароларимиз томонидан етарлича эътибор қаратилмаётганидир. Аслида ҳар бир фуқаро ўз ҳовлисидаги экотизимни намунали тарзда йўлга қўя олса, бутун маҳалла, шаҳар-туман, умуман, Ватан обод бўлиб, гуллаб-яшнаб бораверади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш ва ердан оқилона фойдаланиш вақти-вақти билан ўтказиладиган кампания эмас, изчил давлат сиёсати даражасига кўтарилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳарлар «яшил белбоғ»лар билан ўралмоқда, дарёлар бўйида «яшил девор»лар барпо этилмоқда, ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинмоқда. Ҳатто Орол денгизининг қуриган тубида юз минглаб гектар ерга дарахт ва буталар экилаётгани – бу ишларнинг кўлами қанчалик катта бўлиб бораётганини кўрсатади. Жорий йилнинг ўзида экология ва атроф-муҳит муҳофазасига қарийб 2 триллион сўм маблағ йўналтирилаётгани ҳам масаланинг стратегик аҳамиятидан далолат беради.

Аммо катта миқёсдаги бу ишлар – «яшил белбоғ», «яшил девор», сайр-саёҳат парклари – фақат маҳалла ва хонадон даражасига, ҳар бир ҳовли остонасигача етиб бормаса, натижа кутилгандек бўлмайди. Бўш ва қаровсиз ётган томорқа шунчаки кўримсиз манзара эмас: у – етиштирилмаган ризқ, топилмаган даромад, кўтарилган чанг ва иссиқ, урчиган ёввойи ўт ва зараркунанда, ниҳоят, «бу ерга ҳеч ким жавобгар эмас» деган совуқ хабардир. Демак, обод Ватаннинг энг кичик, аммо энг муҳим бўғини – айнан ҳовли остонаси.

Эътиборли жиҳати шундаки, биз бу йўлни бўш жойдан бошлаётганимиз йўқ. Бугун томорқа ва деҳқон хўжаликларидаги бўш ер майдонлари тўғрисидаги маълумот «Online Mahalla» платформасида шакллантирилмоқда, аҳоли томорқалари хатловдан ўтказилиб, ҳисоби юритилмоқда. Экин экиладиган майдон экилса, «маҳалла еттилиги» кафолати билан имтиёз ва солиқ ставкалари тикланиши, уста деҳқонларга хонадонларни ихтисослаштиргани учун субсидиялар берилиши каби рағбатлантириш чоралари ҳам жорий этилди. Яъни тизимнинг таянч устунлари қўйилган. Савол бошқа ёқда: бу тизимни қандай қилиб янада чуқур, адолатли ва барқарор қилиш мумкин? Мана шу ўринда дунёнинг ўн йиллаб синалган тажрибаси – ибрат оладиган ҳақиқий мактабдир.

 

Жаҳон нимани ўргатади?

Энг қадимий ва сабоқли тажриба – Германияники. Бу мамлакатда боғ-томорқа маданияти XIX аср ўрталаридан бошланган, 1919 йилда эса томорқа ерларини ҳимоя қилувчи махсус қонун қабул қилинган. Ҳозирги «Федерал томорқа қонуни» (Bundeskleingartengesetz) эса 1983 йилдан амал қилади. Унинг бош тамойили оддий, аммо теран: ер фақат ҳуқуқ эмас, айни пайтда мажбурият ҳамдир. Қонунга кўра, ҳар бир участканинг камида учдан бир қисми мева ва сабзавот билан банд бўлиши шарт, ёрдамчи бино 24 квадрат метрдан ошмаслиги ва унда доимий яшашга йўл қўйилмаслиги керак.

Муниципалитет ҳар йили участкани текширади; талаб такрор бузилса, ижара бекор қилиниб, ер навбат кутаётган бошқа кишига ўтади. Германияда 889 минг, фақатгина Берлинда 67 минг участка борлигини ва навбатда юз минглаб одам турганини ҳисобга олсак, бу чора қоғозда эмас, амалда ишлайди.

Нидерландия дунёдаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу боис у ерда ҳар қарич ернинг ҳисоби бор. 2024 йил 1 январдан кучга кирган ягона қонун (Omgevingswet) орқали ер, қурилиш ва табиатни муҳофаза қилишга оид 26 та алоҳида ҳужжат битта тизимга бирлаштирилди. Энг қизиғи – DSO деб аталувчи ягона рақамли платформа: у мамлакатнинг исталган манзили бўйича амалдаги қоидаларни бир зумда кўрсатади. Эътибор қилсангиз, бизнинг «Online Mahalla» худди шу ғоянинг куртаги. Айтиш керакки, рақамлаштириш ва ягона реестр – шаффофлик ва масофадан мониторингнинг калити.

Франция ва Буюк Британия эса қаровсизликнинг иқтисодий баҳосини кўрсатади. Францияда бўш турар-жой солиғи 1998 йилдаёқ жорий этилган, 2023 йилда эса кескин оширилиб, кадастр қийматининг биринчи йили 17 фоизи, кейинги йиллари 34 фоизи миқдорига етказилган; уч йил ободонлаштирилмаган ер эса мажбурий ободонлаштирилиши ёки олиб қўйилиши мумкин.

Буюк Британияда «босқичма-­бос­қич устама» тизими бор: мулк бир йил бўш турса – солиқ икки баробар, ўн йилдан ортиқ бўш турса – тўрт баробаргача оширилади. Бундан яхши хулоса чиқарсак бўлади. Яъни, ерни бўш қолдириш ундан фойдаланишдан қимматга тушиши, бу нарх эса вақт ўтгани сайин ортиб бориши керак. Чунки, ернинг умрини зое этмаслик энг асосий вазифа сифатида кўрилиши керак.

Осиёнинг ибратли тажрибаси – Жанубий Кореянинг 1970 йилда бошланган «Сэмаул ундон» (Янги қиш­лоқ ҳаракати)дир. Давлат дастлаб 33 минг қишлоққа бир хилда ресурс тарқатган, кейин эса энг фаол, натижа кўрсатган қишлоқларгагина қўшимча ресурс ажратилган – қиш­лоқлар ўзаро рақобатда ривож­ланган. Натижа: биринчи ўн йилликдаёқ 5,5 миллион одам мутлақ қашшоқликдан чиққан, қишлоқларнинг электрлаштирилиши 12 фоиздан 98 фоизга кўтарилган. Бу тажрибани ўрганиш учун дунёнинг 129 та давлатидан 50 мингдан ортиқ мутахассис Корея Республикасига борган. Бундан хулосамиз шуки, буйруқ эмас, рағбат ва соғлом рақобат одамларни ҳаракатга ундайди. Шу сабабли маҳаллий ҳокимликларимиз шу йўналишни пухта ўргансалар натижа янада яхшиланиши, шубҳасиз.

Ниҳоят, Сингапур – «боғ шаҳар»дан «боғдаги шаҳар»га айланган мамлакат. Унинг 2005 йилдан бери амал қилаётган «Community in Bloom» («жамоавий гуллаш») дастури фуқароларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиб кичик боғлар барпо этишини рағбатлантиради. Бугун мамлакатда 2 мингдан ортиқ жамоавий боғ бор, уларда 48 мингдан зиёд ихлосманд иштирок этади, ҳар йили энг обод ва яшил ҳудудлар танлов асосида тақдирланади. Бу давлатни ишидан ҳам чиқариладиган хулосамиз шуки, кўкаламзорлаштириш – фақат давлатнинг иши бўлмаслиги керак. Одам бу яшиллаштириш жараёнининг қанчалик муҳимлигини яхши англаса, уларга кўчат берилса, улар бу ишни ғурур билан ўзи қилади.

 

Янги ҳуқуқий механизмлар зарурати

Хулоса шуки, барқарор ободончилик учун – қатъий ҳуқуқий чора, молиявий рағбат ва фуқаролик иштироки биргаликда бўлиши керак. Айнан шу мантиқ асосида қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

• Ягона рақамли реестр. «Online Mahalla» платформасини ривожлантириб, ҳар бир хонадон, томорқа ва бириктирилган ҳудуднинг майдони, мақсадли вазифаси ва ободонлик ҳолатини акс эттирувчи ягона электрон кадастр яратиш; бўш ва қаровсиз ерларни масофадан мунтазам мониторинг қилиш.

• Аниқ мажбурият ва йиллик текширув. Германия тажрибасидаги каби, томорқа ва ёндош ҳудуднинг камида маълум қисмини экин ёки кўкаламзор билан банд қилиш мажбуриятини маҳалла низоми даражасида белгилаш ва йиллик текширув тизимини йўлга қўйиш. Икки йилдан ортиқ асоссиз бўш ётган ерлар учун эса, Франция ва Британия тажрибасидаги каби вақт ўтгани сайин ортиб борувчи солиқ устамаси ёки маъмурий чора жорий этиш.

• Миллий рағбат дастури. Фаол фуқароларга кўчат, уруғлик ва техник воситаларни имтиёзли ёки бепул тақдим этиш (айни йўналишда ПҚ-49 доирасидаги субсидияларни кенгайтирган ҳолда), Сингапур намунасида «энг обод хонадон» ва «энг яшил кўча» каби йиллик умумхалқ танловларини кенг тарғиб қилиш.

• Рақобат ва рағбатлантириш механизми. «Сэмаул ундон» сабоғидан келиб чиқиб, натижа кўрсатган маҳалла ва туманларга қўшимча давлат ресурслари (кўчат, қурилиш материаллари, инфратузилма маблағлари) йўналтириладиган рақобат тизимини шакллантириш.

• Жамоатчилик назорати ва «геосигнал». Фуқаролар бўш ва қаровсиз ҳудудлар ҳақида мобиль илова орқали бевосита хабар бера оладиган тизим жорий этилса, бу иш узлуксиз давом этади. Мониторинг натижаларини эса туман ва вилоят ҳокимликлари фаолиятини баҳолаш мезонларига киритиш мумкин бўлади.

Гап айланиб яна ўша икки нуқтага келади. Обод Ватан вазирлик-идоралар йўлагида ёки улар ишлаб чиқаётган қоғозларда эмас – ҳар бир хонадоннинг остонасида, ўз қўли билан экилган дарахтнинг сояси остида бош­ланади.

Ҳовлиларни обод қилишни одатий ҳолга айлантирадиган куч – қўшнидан қўшнига ўтадиган маданиятдир.

Биз – Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари ва депутатлар олдидаги вазифа ҳам шу: жаҳон сабоқларини миллий заминга уйғунлаштириб, ҳар бир ҳовлини кичик, аммо тирик, озода ва яшил бир Ватанга айлантириш. Экологик партия учун эса бу сиёсий шиор эмас, кундалик ҳаётнинг ўзагига сингдирилиши лозим бўлган амалий бурчдир. Экотизимни барқарорлаштиришни қуйидан – ҳар биримиз ўз ҳовли-жойимизни обод қилишдан, ўз томорқамизни яшнатиб қўйишдан, унумли фойдаланишдан бошласак, олдимизга қўйган катта мақсадларга тезроқ ва кўламлироқ тарзда эришамиз.

Ўзбекистон Экологик партиясининг парламент ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлари, жойлардаги масъуллари, фаол тарғиботчилари ва фидойи аъзолари ҳудудлар ҳолатини ўрганиш жараёнларида мана шу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратиш­лари зарур. Ҳар бир маҳалланинг кайвони-оқсоқоллари, нуронийлари, фаол ёшлари билан биргаликда кўча ва маҳаллаларимизнинг ободлиги учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз кераклигини бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Мазкур фаолиятни тизимли йўлга қўйиш учун партиямиз янги таклифлар ишлаб чиқиш, зарур бўлганда ўз таклифларини тегишли қонунчилик ҳужжатларида акс эттириш учун ҳамиша изланишда бўлади.

 

Байрамни обод масканларда кутиб олайлик

Хабарингиз бор, Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кутиб олишга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бу йил ушбу тарихий сана «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу ғоя остида нишонланмоқда. Юртимиз бўйлаб эса «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» қизғин давом этаётир. Бу энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда кутиб олишнинг ўзига хос тайёргарлигидир.

Обод масканлардагина байрамлар ярашади. Маҳаллани яшил ва соғлом мас­канга айлантириш, тозаликни таъминлаш, нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиш сингари эзгу ишларга партиямиздан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда. Депутатларнинг ҳудудларда бўлиб, маҳаллаларда ўтказаётган учрашувлари ҳам фақат олиб борилаётган ишларни ўрганиш эмас, балки одамлар диққат марказида турган муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими бўйича таклиф бериш ва ижросини таъминлашга қаратилади.

Зеро, ягона Ватан, ягона халқ бўлиб бирлашган эл-юртнинг эзгу меҳнати юртни обод, келажакни порлоқ этаверади.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари




Ўхшаш мақолалар

Ҳар бир ҳовлидаги соғлом  Микроиқлим экотизим  барқарорлигига хизмат қилади

Ҳар бир ҳовлидаги соғлом Микроиқлим экотизим барқарорлигига хизмат қилади

🕔10:56, 30.07.2026 ✔112

Томорқа ва ҳовли-жойларни обод сақлаш – экологиядан ҳам, давлатчилигу маданиятдан ҳам дарак берадиган миллий масала

Батафсил
Органик  қишлоқ хўжалиги –соғлом келажак  ва озиқ-овқат хавфсизлигига дахлдор масала

Органик қишлоқ хўжалиги –соғлом келажак ва озиқ-овқат хавфсизлигига дахлдор масала

🕔10:53, 30.07.2026 ✔114

Рўзғор учун бозорга тушганда табиий маҳсулот излашимиз бор гап. Оддийгина тухумнинг ҳам «жайдари»сини қидирамиз. Негаки, хонадонда боқилган товуқлар тухумида ҳеч қандай дори ва гормонлар бўлмайди, дея ишонамиз.

Батафсил
Тоза ичимлик сув ҳар бир хонадонга  узлуксиз  етиб  бориши  керак

Тоза ичимлик сув ҳар бир хонадонга узлуксиз етиб бориши керак

🕔15:22, 23.07.2026 ✔199

Ичимлик сув ва оқава сув хизматлари аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминловчи стратегик соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда мазкур йўналишни такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторига қўйилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар