Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда яйлов чорвачилиги муҳим ўрин тутади. Чорвачилик тармоғининг ривожи эса, аввало, табиий яйловларнинг ҳолати, озуқа захираси ва улардан оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқдир.
Бу борада галофит, яъни шўрга чидамли ўсимликлардан фойдаланиш истиқболли йўналишлардан биридир.
Галофитлар тупроқ таркибида туз миқдори юқори бўлган шароитларда ўсишга мослашган ўсимликлар гуруҳидир. Улар бошқа кўплаб ўсимликлар қийналиб ўсадиган шўрланган ерларда ҳам ривожланиши, биологик хусусиятларига қараб катта миқдорда фитомасса тўплаши билан ажралиб туради.
Чўл минтақаларида учрайдиган саксовул, изень, терескен, қуйровуқ ва бошқа маҳаллий шароитга мос ўсимликлар яйловларнинг табиий ресурсларини сақлаш ва тиклашда муҳим ўрин тутади. Айрим турлар чорва моллари учун озуқа манбаи бўлса, бошқалари тупроқни мустаҳкамлаш, шамол эрозиясини камайтириш, қум кўчишининг олдини олиш ва экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Галофитларнинг аҳамияти фақат чорва озуқаси билан чекланмайди. Уларнинг айрим турлари саноат ва фармацевтика учун хомашё манбаи сифатида ҳам қадрланади. Энг муҳими, шўрланган ва деградацияга учраган ерларда ўсимлик қопламини қайта тиклашда уларнинг биологик имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкин.
Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим: ҳар қандай галофит ўсимлик ҳам бир хил озуқавий қийматга эга эмас. Шунинг учун уларни яйловларга жорий этишда турларнинг биологик хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароити, фитомасса ҳосилдорлиги ва чорва моллари учун озуқавий қиймати илмий асосда баҳоланиши зарур.
Қашқадарё вилоятининг табиий-иқлим шароити, айниқса, қурғоқчил ва шўрланишга мойил ҳудудларида чўл ўсимликларининг маҳаллий шароитга мос турларини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, вилоятда галофит боғларини ташкил этиш ташаббуси чўл яйловларининг табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ўсимликлар генофондини сақлаш ва истиқболда озуқабоп ўсимликлар захирасини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Жумладан, 2026 йилда Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Нишон ва Муборак туманларида жами 6 минг гектар яйлов майдонида озуқабоп ўсимликларнинг истиқболли навлари уруғчилиги майдонларини барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Вилоятимизда ташкил этиладиган галофит боғлари, аввало, ҳудуднинг табиий шароитига мос ўсимлик турларини танлаш ва уларнинг уруғчилик базасини шакллантиришга йўналтирилиши мақсадга мувофиқ. Бунда саксовул, изень, терескен, қуйровуқ ҳамда бошқа истиқболли чўл ўсимликларини уларнинг биологик хусусиятлари ва шўрга чидамлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш муҳимдир.
Галофит боғлари оддий кўкаламзорлаштириш майдони эмас, балки илмий изланиш, уруғчилик, кўпайтириш ва амалий тажриба майдони вазифасини бажариши билан аҳамиятлидир. Уларда олинган натижалар кейинчалик яйловларни фитомелиорациялаш, яъни ўсимликлар ёрдамида ерларнинг экологик ҳолатини яхшилаш ишларида қўлланилиши мумкин.
Чўл яйловларининг ҳосилдорлигини оширишда сифатли уруғлик материалининг мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳар қандай ўсимлик турини кенг майдонларга экишдан олдин унинг уруғларини йиғиш, сақлаш, лаборатория шароитида таҳлил қилиш ва унувчанлик кўрсаткичларини аниқлаш талаб этилади.
Қашқадарё вилоят ўрмон уруғчилиги ҳудудий лабораториясининг ўрмон хўжаликлари билан ҳамкорликда галофит ўсимликлар уруғларини жамғариш, сақлаш ва экишдан олдин лаборатория таҳлилидан ўтказиш борасидаги ишлари ушбу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилади.
Келгусида галофит боғларини ташкил этиш ва улар фаолиятини илмий асосда йўлга қўйишда лаборатория таҳлиллари натижаларидан самарали фойдаланиш мумкин. Жумладан, турлар кесимида уруғларнинг унувчанлигини аниқлаш, сақлашнинг мақбул шароитларини белгилаш, экиш муддати ва усулларини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий шароитга энг яхши мослашган ўсимликларни танлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу эса сифатли уруғлик захирасини яратиш, кўчат етиштириш ва чўл яйловларида фитомелиорация тадбирларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Мамлакатимизда ерлар деградациясининг олдини олиш, яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2022 йил 10 июндаги ПҚ-277-сон қарор ҳамда 2025 йил 30 январдаги ПФ-15-сон Фармонда белгиланган вазифалар ер ресурсларини муҳофаза қилиш, деградацияга қарши курашиш ва яйловлардан самарали фойдаланиш йўналишларида муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда чўл ўсимликларининг уруғчилигини ривожлантириш, маҳаллий шароитга мос турларни кўпайтириш ва деградацияга учраган майдонларни фитомелиорациялашга қаратилган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутади.
Қашқадарё вилоятида галофит боғларини ташкил этиш ҳам ана шу мақсадларга мос равишда, илмий муассасалар, ўрмон хўжаликлари ва уруғчилик лабораториялари ҳамкорлигида амалга оширилиши мумкин. Бунда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ таркиби, шўрланиш даражаси, намлик шароити ва мавжуд табиий ўсимликлар қоплами ҳисобга олиниши лозим.
Шунингдек, галофит боғларида етиштирилган уруғлардан фойдаланиб, деградацияга учраган яйловларда тажриба майдонларини ташкил этиш, турли экиш усулларининг самарадорлигини таққослаш ва олинган натижаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш истиқболли йўналишлардан ҳисобланади.
Яйловлар ҳосилдорлигини ошириш фақат ўсимликлар сонини кўпайтиришдан иборат эмас. Бу жараён табиий экотизимларни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чорва молларини йил давомида озуқа билан таъминлаш масалаларини ҳам қамраб олади.
Хулоса қилиб айтганда, галофит ўсимликлар – чўл шароитида табиатнинг ўзи яратган муҳим биологик ресурс. Қашқадарё вилоятида галофит боғларини ташкил этиш, уларнинг уруғчилик ва илмий салоҳиятидан фойдаланиш яйловларни тиклаш, маҳаллий ўсимликлар генофондини асраш ва чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Илҳом ҚУРБОНОВ,
Қашқадарё вилоят ўрмон уруғчилиги ҳудудий лабораторияси директори