Болалигимизда ёмғир ёғса, буви-оналаримиз челак, тоғораларни тарнов остига қўйиб, сув йиғишарди. Ёмғир суви тоза бўлади, дейишарди.
Бу сувда соч ювилар, гулларга қуйилар, рўзғор юмушларида фойдаланиларди. Аммо бугун ўша оддий одатга бошқача назар билан қарашга тўғри келмоқда. Ростдан ҳам, ёмғир суви биз ўйлагандек тозами? Айниқса, ҳавоси автомобиль газлари, саноат чиқиндилари ва майда чанг зарралари билан ифлосланган шаҳарларда-чи?
Илмий тадқиқотларга кўра, ёмғир сувининг таркиби атмосфера ҳолатига, ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдорига ва сувнинг ерга тушгандан кейин қайси юзалардан оқиб ўтишига боғлиқ. Ёмғир томчилари атмосферадан ўтар экан, айрим газлар ва майда заррачаларни ўзига сингдириши ёки уларни ерга олиб тушиши мумкин. Шу боис осмондан тушаётган сувни ҳар доим ҳам ичиш учун хавфсиз деб бўлмайди.
Бироқ масаланинг кўпчилик эътиборидан четда қолаётган яна бир томони бор. Ёмғир ҳаводаги чангни босиб, кўчаларни ювар экан, ўша ифлосликларни қаерга олиб кетади? Ахир улар сув билан бирга оқиб кетгани учунгина табиатдан йўқолиб қолмайди.
Илк томчи – хавф
Тасаввур қилайлик, бир неча ҳафта давомида ёмғир ёғмади. Бу вақт ичида кўчалардан минглаб автомобиллар ўтди, шиналар асфальтга ишқаланди, тормоз қисмлари ейилди, ҳаводаги чанг йўл юзасига чўкди. Айрим автомобиллардан мой ва бошқа техник суюқликлар ҳам сизиб чиққан бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси оз-оздан асфальт устида тўпланиб боради.
Ниҳоят ёмғир бошланади. Дастлабки сув оқими йўлда йиғилган чанг ва бошқа ифлослантирувчиларни ювиб, ариқлар ҳамда дренаж тармоқлари томон олиб кетади.
Экологияда бу ҳодиса first flush – «дастлабки ювилиш» деб аталади. Айрим шароитларда ёмғирнинг бошланғич оқимида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси кейинги оқимларга нисбатан юқорироқ бўлади. Айниқса, узоқ давом этган қуруқ кунлардан кейин бундай ҳолат кузатилиши мумкин.
Албатта, бу ҳар бир ёмғирда бир хил кечмайди. Жараён ёғингарчиликнинг шиддати, қуруқ даврнинг давомийлиги, йўл қопламасининг ҳолати ва унда тўпланган моддалар таркибига боғлиқ.
Ўзбекистоннинг қуруқ ва иссиқ иқлими, ёзда ёғингарчиликнинг камлиги, кузда эса ёмғирли кунларнинг кўпайиши мазкур жараённи маҳаллий шароитда ўрганиш учун асос бўла олади. Чунки узоқ вақт давомида йўлларда йиғилган ифлослантирувчилар ёмғир суви билан бошқа ҳудудларга тарқалиши эҳтимоли мавжуд.
Кўринмас ифлосланиш
Хўш, кўчалардан оқиб кетаётган сув ўзи билан нималарни олиб кетади?
Бир қарашда у оддий лойқа сувга ўхшайди. Аммо илмий тадқиқотлар шаҳар йўлларидан оқиб тушадиган ёмғир суви таркибида оғир металлар, нефть маҳсулотлари қолдиқлари, микропластиклар ва турли органик бирикмалар учраши мумкинлигини кўрсатади.
Масалан, автомобиль шиналари ейилганда синтетик каучук ва бошқа материаллардан иборат майда заррачалар ажралади. Тормоз тизимларининг ишқаланиши эса мис ва бошқа металларни ўз ичига олган заррачаларни ҳосил қилади. Улар йўл юзасида тўпланиб, ёғингарчилик пайтида сувга аралашиши мумкин. Бу заррачаларнинг айримлари жуда майда бўлгани учун уларни оддий кўз билан пайқаш қийин. Аммо кўринмаслиги уларнинг экологик таъсири ҳам йўқлигини англатмайди.
Кўчалардан оқиб кетаётган сув манзили қаерда?
Масаланинг Ўзбекистонга дахлдор жиҳати ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Мамлакатимиз шаҳарларида ёмғир ёғиши билан кўчаларда сув тўпланиши, айрим йўлларнинг кўлмакка айланиши тез-тез кузатилади. Бундай пайтда одатда ариқларнинг тўлиб қолгани, дренаж тизимларининг етарлича ишламаётгани ёки сувни чиқариб юбориш имкониятлари чеклангани муҳокама қилинади.
Аммо муаммонинг экологик томони кўпинча эътибордан четда қолади. Кўчалардан оқиб кетаётган сувнинг таркиби қандай? У қаерга бориб тушади?
Масалан, Тошкентнинг серқатнов йўлларидан оқиб тушаётган ёмғир сувида қанча микропластик, оғир металл ёки нефть маҳсулотлари қолдиғи бор? Улар ариқлар орқали каналларга етиб борадими ёки тупроққа сингадими? Бундай сувлар табиий муҳитга тушишидан олдин тозаланадими? Бу саволларга фақат махсус лаборатория таҳлиллари ва дренаж тармоқларини ўрганиш орқали жавоб топиш мумкин.
Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мунтазам муҳокама қилинса-да, шаҳар кўчаларидан оқиб тушадиган ёмғир сувининг кимёвий таркибига оид кенг қамровли, жамоатчилик учун очиқ маълумотлар етарли эмас. Бу эса муаммонинг ҳақиқий кўламини баҳолашни қийинлаштиради.
Шу ўринда бир жиҳатни ҳам ҳисобга олиш керак: кўчалардан оқиб тушган сувнинг ҳаммаси ҳам бевосита дарё ёки каналларга етиб бормайди. Унинг кейинги тақдири дренаж тармоқлари, тупроқ хусусиятлари ва мавжуд тозалаш иншоотларига боғлиқ. Демак, шаҳарларда ёмғир сувини бошқариш деганда фақат уни кўчалардан тезроқ чиқариб юборишни тушунмаслик лозим. Сувнинг қаерга йўналтирилаётгани ва ўзи билан қандай моддаларни олиб кетаётгани ҳам муҳим.
Ёмғир сувига
бошқача ёндашув
Бугун айрим ривожланган мамлакатларда ёмғир сувига шунчаки кўчалардан чиқариб юбориладиган ортиқча сув эмас, балки бошқарилиши ва зарур ҳолларда тозаланиши керак бўлган ресурс сифатида қаралмоқда.
Хусусан, АҚШ ва Европанинг бир қатор шаҳарларида «яшил инфратузилма» усулларидан фойдаланилади. Буларга махсус фильтрловчи майдонлар, сув ўтказувчан йўлаклар, чўктириш ҳавзалари ва «ёмғир боғлари» киради.
«Ёмғир боғи» ташқи кўринишидан оддий гулзорга ўхшайди. Аммо у фақат манзара учун ташкил этилмайди. Махсус тупроқ қатламлари ва ўсимликлар ёрдамида бундай майдонлар ёмғир сувини қабул қилади, унинг оқимини секинлаштиради ва айрим ифлослантирувчиларни ушлаб қолади.
Натижада сувнинг тўғридан-тўғри дренаж тармоқларига тушиши камаяди, айрим зарарли заррачаларнинг табиий сув ҳавзаларига етиб бориши чекланади. Бироқ бундай тизимлар ҳам барча кимёвий моддаларни тўлиқ зарарсизлантира олмайди. Уларнинг самарадорлиги тўғри лойиҳалаш, мунтазам парвариш ва маҳаллий табиий шароитга боғлиқ.
Ўзбекистонда ҳам янги йўллар, турар жой мажмуалари ва жамоат ҳудудларини барпо этишда шундай ёндашувларни синовдан ўтказиш мумкин. Айниқса, серқатнов кўчалардан оқиб тушадиган сув таркибини ўрганиш, дренаж тармоқларини такомиллаштириш ва кўкаламзор майдонлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Албатта, хориж тажрибасини тўғридан-тўғри кўчириш тўғри эмас. Мамлакатимизнинг қуруқ иқлими, тупроқ хусусиятлари, ёғингарчилик режими ва сув ресурслари ҳисобга олиниши лозим. Энг аввало, маҳаллий шароитдаги ифлосланиш манбалари ва уларнинг кўламини аниқлаш зарур. Шундагина самарали ечимларни танлаш мумкин бўлади.
Ёмғир тингач, шаҳар гўё янгилангандек бўлади. Дарахт барглари ялтирайди, асфальтдаги чанг босилади, ҳаво салқинлашади. Биз эса табиатнинг ўзи кўчаларни тозалаб қўйганидан хурсанд бўламиз.
Аслида, ёмғир ҳаводаги айрим ифлослантирувчиларни камайтириши, кўчаларни чангдан тозалаши мумкин. Аммо бу моддаларнинг барчаси йўқ бўлиб кетмайди. Уларнинг бир қисми сув билан бирга бошқа муҳитга кўчади.
Болалигимизда буви-оналаримиз осмондан тушган сувни тозалик рамзи деб билишарди. Ўша пайтдаги тасаввурларимиз ҳам, бугунги шаҳарларимиз ҳам ўзгарди. Энди ёмғир томчисининг мусаффолигидан завқланиш билан бирга, унинг ерга тушгунча ва ундан кейин босиб ўтадиган йўли ҳақида ҳам ўйлашга тўғри келмоқда.
Шахруза САТТОРОВА