Ўзбекистон келгуси беш йил ичида қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 000 МВтга етказиш ва унинг энергетика балансидаги улушини 54 фоизгача оширишни мақсад қилган. Шунингдек, мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш даражасини 95 фоизга етказиш, шундан 35 фоизи қайта ишланиб, энергия олиш кўзланмоқда.
Бу ҳақда 24 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Иқлим саммитида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков маълум қилди. Мазкур саммит БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ташаббуси билан 100 га яқин давлат вакиллари иштирокида ўтказилди.
Саммит давомида қайд этилишича, Париж битимига қўшилган давлатлар, яъни глобал иссиқхона газлари ташламаларининг учдан икки қисмига сабаб бўлаётган мамлакатлар ўз миллий ҳиссаларини (NDC) янгилаган ёки янгилаш устида ишламоқда. Илк бор йирик иқтисодиётга эга давлатлар, жумладан, Хитой ва Нигерия барча соҳаларни қамраб олувчи чиқиндиларни қисқартириш бўйича кенг қамровли мақсадларни эълон қилди. Бошқа давлатлар эса қуёш ва шамол энергетикаси, метан ташламаларини камайтириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қазиб олинадиган ёқилғидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича янги йўналишларни белгилади.
Бироқ мутахассислар бу чоралар кутилаётган иқлим фалокатининг олдини олиш учун етарли бўлмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. БМТ вакили: «Хавф жуда катта», – дея таъкидлаб, ёз мавсумида дунё сув тошқинлари, қурғоқчилик ва мисли кўрилмаган иссиқ тўлқинлар каби ҳалокатли иқлим ҳодисалари билан тўқнаш келганини эслатди. Олимларнинг фикрича, инсон фаолияти туфайли юзага келган глобал исиш ушбу табиий офатлар миқёсини кенгайтириб, келажакда янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
БМТ Бош котиби ўз нутқида: «Фан ҳаракатни талаб қилади, иқтисодиёт бунга ишонтиради, инсонлар эса бунга даъват этмоқда», – деди. Унинг сўзларига кўра, тоза энергияга ўтиш янги иш ўринларини яратади, иқтисодиётнинг барқарорлигини оширади ва қазиб олинадиган ёқилғи бозорларидаги беқарорликдан қутулишга ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг эришган ютуқлари ва режалари алоҳида эътибор қозонди. Ўзбекистон амалдаги NDC 2.0 доирасида 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини 34,8 фоизга камайтиришга эришгани, яъни белгиланган мажбуриятлар деярли бажарилгани эътироф этилди.
Ўзбекистон қуйидаги асосий мақсадлар сари интилмоқда:
– келгуси беш йил ичида қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 000 МВтга етказиш ва унинг энергетика балансидаги улушини 54 фоизгача ошириш;
– иқтисодиётнинг барча соҳаларида энергия самарадорлигини икки баробарга ошириш;
– қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш даражасини 95 фоизга етказиш, шундан 35 фоизи қайта ишланиб, энергия олинади;
– ўрмон майдонларини 6,1 миллион гектаргача кенгайтириш, жумладан, Оролбўйида кенг кўламли ўрмонларни тиклаш ишларини олиб бориш;
– алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар улушини мамлакат ҳудудининг 14,5 фоизигача ошириш;
– 2050 йилга бориб углерод нейтраллигига эришиш.
Таъкидлаш жоизки, Париж битимига кўра, ҳар бир давлат ҳар беш йилда ўз миллий ҳиссаларини янгилаб, ҳисобот тақдим этиши шарт. 2035 йил учун янги мақсадларни белгилаш бўйича сўнгги муддат февраль ойида якунланганига қарамай, ҳозиргача атиги 47 давлат (глобал миқёсдаги ташламаларнинг 24 фоизга яқинини ташкил этади) ўз мажбуриятларини тақдим этди холос. Кўп миқёсда ташламалар ҳосил қилинадиган давлатлар – хусусан Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон – ҳануз орқада қолмоқда, айрим тақдим этилган режалар эса амбициянинг етишмаслиги учун танқид қилинмоқда.
Эълон қилинган ташаббуслар ва янги мажбуриятлар шуни кўрсатадики, глобал чақириқлар ва ноаниқликларга қарамай, мамлакатлар иқлим ўзгаришига қарши курашишга содиқлигини сақлаб қолмоқда. Ўзбекистоннинг иқлим бўйича олган мажбуриятларини фаол бажараётгани халқаро иқлим жараёнидаги позицияси мустаҳкамлигини яққол ифодалайди.
Экологик баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
🕔15:53, 13.11.2025
✔18
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Давлат экологик экспертизаси маркази ходимларидан иборат делегация Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Батафсил
«Яшил жавон»: Экологик маърифат ва тафаккурни юксалтиришда амалий қадам
🕔15:35, 13.11.2025
✔18
Ўзбекистон Экологик партияси китобсевар экофаоллар учун яна бир ажойиб янгиликни эълон қилди. ЎЭП Марказий Кенгаши ўзининг расмий сайтида экологик мавзуларга бағишланган электрон китоблардан иборат онлайн кутубхонани ишга туширди.
Батафсил
Андижонда экологик масалалар – назорат ва масъулият синовида
🕔16:44, 30.10.2025
✔56
Бугун мамлакатимизда табиатни асраш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш борасида қонунлар қабул қилинмоқда, ислоҳотлар изчил йўлга қўйилмоқда. Аммо ҳар бир қонуннинг самараси – унинг ҳаётда қандай ижро этилаётганида.
Батафсил